«Томорқа хизмати»га ажратиладиган кредитларнинг имтиёзли даври узайтирилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча имкониятларни яратиб беришга, керак бўлса, иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошида кўтаришга тайёр эканлигини кўп бора тилга олиб келмоқдалар. Шу боис ҳам ўтган 5 йилда бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтказилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Doing business халқаро индексида 2015 йилдаги 146-ўриндан 2020 йилда 69-ўрингача юқорилади.

Жорий йил 20 август куни Президент тарихий учрашув – мамлакатимиз тадбиркорлари билан юзма-юз, очиқ мулоқот ўтказди. Бундай форматдаги учрашув мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бор ўтказилди ва унда бевосита залдан ва видеоконференция шаклида ҳудудлардан 10 мингдан ортиқ турли соҳа тадбиркорлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур учрашув жуда самимий руҳда ўтди. Унда ҳудудлардан ўнлаб тадбиркорлар сўзга чиқиб, амалиётда бизнесни йўлга қўйишда мавжуд тўсиқлар, ечимини кутиб турган долзарб муаммолар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини Давлат раҳбарининг шахсан ўзига билдирди.

Қарийб 6 соатдан ортиқ давом этган мулоқотда Президентимиз юртимиз тадбиркорлари учун келгусида янада қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар тақдим этилишини билдирди. Шундай имтиёзлардан бири жойларда аҳоли томорқаларига ҳақиқий маънода кўмакчи бўлаётган «Томорқа хизмати» МЧЖларга жорий этиладиган бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги қарори билан қишлоқ туманларида «Томорқа хизмати» МЧЖлар ташкил этилди. Улар асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга қўшилган қиймат солиғидан ташқари барча турдаги солиқлардан озод этилган бўлиб, қуйидагилар уларнинг асосий вазифаси ҳисобланади:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника, чорва моллари, парранда, қуён, асалари уяси, балиқ, қишлоқ хўжалик техникалари ҳамда эҳтиёт қисмлари, омихта ем, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар ва асбоб ускуналар етказиб бериш, шунингдек, иссиқхоналар қуриб бериш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан харид қилинган, шунингдек, ўз майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш ҳамда экспорт қилиш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 июндаги қарорига асосан ташкил этилган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси «Томорқа хизмати» МЧЖларга юқоридаги тадбирларни амалга оширишлари учун имтиёзли шартларда (Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида, бугунги кунда 14%) кредит ресурслари ажратиб келмоқда. Ўтган даврда республика бўйича 220 дан ортиқ МЧЖларга Жамғарма ҳисобидан 253 млрд.сўмдан ортиқ молиявий кўмак кўрсатилди.

Бироқ сўнгги вақтларда мазкур кредитларнинг муддати қисқалиги яъни 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача «Томорқа хизмати» МЧЖларга, айниқса аҳолига кластер усулида хизмат кўрсатувчи жамиятларга фаолиятларини тўлақонли йўлга қўйишларида қийинчиликлар туғдирмоқда эди. Тадбирда сўз олган Сурхондарё вилояти Музробод туманидаги «Музробод томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари билдирган ва Президент қўллаб-қувватлаган таклифга асосан эндиликда «Томорқа хизмати» МЧЖларга ажратиладиган кредитларнинг муддати 3 йилдан 5 йилга, имтиёзли даври 6 ойдан 12 ойгача этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур имтиёзнинг амалиётга татбиқ этилиши Жамғарма маблағларидан янада самаралироқ фойдаланилишига, «Томорқа хизмати» МЧЖлар моддий-техник базасини кучайтирилишига, аҳоли томорқаларидан янада кўпроқ ҳосил ва даромад олинишига, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нест-нобуд қилмай ички ва ташқи бозорга кўпроқ чиқарилишига замин яратади.

Элмурод Бозоров,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш 

жамғармаси ижро этувчи директор ўринбосари

https://yuz.uz/news/tomorqa-xizmatiga-ajratiladigan-kreditlarning-imtiyozli-davri-uzaytirilmoqda

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram