Намунали томорқачи кўкрак нишонига даъвогарлар кўпаймоқда

Халқимизда «Сепли бўлгунча эпли бўл», деган пурмаъно ҳикмат бор.

Ана шу мақолни бугунги кунда томорқачиларга нисбатан қўлласа ҳам фойдадан холи бўлмайди. Зеро, томорқа имкониятлари нақадар катта эканлигини оддий ҳисоб-китоблар ҳам тасдиқлайди. Масалан, ўрта ҳисобда битта туманда 36 мингга яқин хонадон бўлса ва уларнинг ихтиёрида 2517 гектарлик томорқа майдони бор, дейлик. Бу ерлардан йилига ўрта ҳисобда 44 минг тоннадан ортиқ сабзавот, картошка, мева ҳамда узум етиштирса ҳам оилалар тўкинлиги ҳам бозорлар баракаси таъминланган бўлади.

Бошқа вилоятларда бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, шўрхок жойларда ҳам дарахту экин ўстириб, мўъжиза яратаётганлар кўп. Тўғриси, авваллари вилоят аҳолиси чорвачиликдан кўпроқ фойда кўриб, шунга мослашган эди. Эндиликда эса улар ердан ҳам унумли фойдаланиш мумкинлигини билиб қолишди.

Ана шундай тажрибали томорқачилардан бири Сирдарё туманида яшовчи Карим Тўйчиевлар оиласи бўлиб, улар 15 сотихли иссиқхонада бодрингни «Орзу» навини етиштириб, мўл ҳосил етиштирмоқда. Ҳар туб бодрингдан олинган 4-6 килограмм ҳосил оила бюджетига яхшигина даромад келтирмоқда.

Ана шундай моҳир томорқачиларни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар йили рағбатлантириб келмоқда, бу амалда ўз натижасини бериши, шубҳасиз. Бу жараёнда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, кам таъминланган ва қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерлар бириктирилиб, уларга томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлаш бўйича ёрдамлашилади.

– 8 сотих еримиз бор, – дейди Гулистонлик Диёр Ҳайдаров. – Ён-атрофимиздаги қўшнилар иссиқхонадан яхши фойда олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис биз ҳам ана шу еримизда иссиқхона кўриб, халқимиз дастурхони учун помидор ва бодринг етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. Яқиндан бўлиб ўтган кўргазмали семинарда пешқадам томорқачиларга кўплаб имтиёзлар борлиги ҳақида маълумотга эга бўлдик. Энг аввало, ердан унумли фойдалансак, 25 фоиздан 100 фоизгача солиқ имтиёзи берилар экан. Шунингдек, биз учун махсус ташкил қилинган «Энг яхши томорқачи» кўкрак нишони ҳам таъсис этилган экан.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги «Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томорқачи» кўкрак нишонларини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. 2018-2020 йилларда «Меҳнаткаш деҳқон», «Намунали томорқачи» ва «Илғор фермер» кўкрак нишони мингдан ортиқ қишлоқ аҳолисига топширилди.

Айни кунларда туманларда бу йилги кўкрак нишони номзодларини саралаш босқичи давом этмоқда. Жойларда ана шу мақсадда кўплаб учрашувлар ўтказилиб, аҳолининг хабардорлиги оширилмоқда.

 Сайёра Шоева, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/namunali-tomorqachi-kokrak-nishoniga-davogarlar-kopaymoqda_301886

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram