Ҳуқуқлари бузилган фермерлар кимга мурожаат қилишни билади

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Ўйлаб кўрилса, фермер ҳам тадбиркор ҳисобланади. Шу боис фермер хўжалигининг фаолиятига ноқонуний аралашган, ноқонуний қарорлар қабул қилган ва моддий зарар етказган мансабдор шахслар суд олдида жавоб бермоқда.

– Контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмлардан ортиқчаси фермер хўжалигининг мулки ҳисобланади, – дейди Сирдарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлими бошлиғи Шокир Жўрақулов. – Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи эса давлат ҳимоясида. Бу тартибга қаттиқ амал қилинмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг олти ойида Сирдарё вилоятида тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналардан фермер хўжаликларининг ҳақдорлигини ундириш бўйича 17758 миллиард сўмлик 14 та талабнома киритилди. Ана шу талабномаларнинг 8 таси фермерлар фойдасига ундириб берилди. Талабнома киритилишига қарамасдан эътиборсизлик қилган “Бахт юксалишда” МЧЖ кластеридан Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорлари асосида 39 фермер хўжалигининг 4 миллиард 276 миллион сўми ва 337,5 миллион сўм жарима ундириб олинди. Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорлари билан “АРК Оқолтин ” унитар корхонасидан 1 миллиард 108 миллион 305 минг сўм асосий қарздорлик ва 108 миллион 402 минг сўм жарима ундиришга эришилди. 17 фермер хўжалиги, “Абдулла Қодирий”, “Нурли қуёшли дала”, “Янги Замин нашидаси”, “Халилов Авазбек”, “Тошқиз она” фермер хўжаликлари шулар сирасидандир.

Боёвут туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан 4 фермер хўжалигининг Боёвут туманлараро кимё корхонасидан 257 миллион 940 минг сўм қарздорлиги қайтарилди. Энг асосийси, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг вилоятда фермерчилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, фермер хўжаликлари бошлиқларига ўзларининг қонун билан ҳимояланган ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англаши, уларда иш юритиш борасида қонунийликка эътибор билан қараши лозимлиги, шартномалар тузиш ва шартномавий мажбуриятларни бажариш маъсулияти тўғрисида олиб бораётган кенг қамровли тушунтириш ва қонунчиликни тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаркатлар ўз самарасини бермоқда. Эндиликда фермер хўжаликлари ҳам ўз ҳуқуқларини тўғри англаб, манфаатлари камситилса кимга қандай тарзда мурожаат қилиш лозимлигини яхши англамоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туман ҳокимликларининг фермер хўжаликлари фаолиятига ноқонуний аралашувлари натижасида қабул қилинган қарорларни бекор қилиш мақсадида маъмурий судларга киритилган 24 та аризадан 21 тасига ижобий ҳал қилув қарори чиқарилишига эришилди. Жумладан, Сайхунобод тумани ҳокимининг “Сайхунободлик Алишер”, “Собирбой Мансурбой”, “Ахчоб Нурота чашмаси”, “Озодбек Покиза ҳамкор” “Солижон Махкамбой орзуси”, “Ниҳол Порлоқ келажаги” ва “Умиджон Баходир Озодбек” каби фермер хўжаликларининг фаолияти тиклаб берилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу боис ҳам Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қонунсиз ҳолатларга дуч келган фермерларга ўз вақтида мурожаат қилишларини сўрайди.

С.Шоева

https://uza.uz/uz/posts/huquqlari-buzilgan-fermerlar-kimga-murozhaat-qilishni-biladi_289663

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram