Фермерларга асосий маблағига қўшимча равишда жарималар ҳам ундириб берилмоқда

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўз аъзоларининг манфаатларини кўзлаб, давлат ва хўжалик органларининг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракати устидан судга даъво аризлари тақдим этмоқда.

   Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ҳам фермер, деҳқон хўжаликалари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фермер хўжаликларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида пайдо бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш доимий эътиборда.  

 Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туман бўйича ҳуқуқлари бузилган фермер хўжаликларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли судларда 10 та даъво аризаси киритилган бўлиб, улар иқтисодий суд томонидан қаноатлантирилиб, фермерларнинг пул маблағлари ундирилиб берилди.  

 Иқтисодий судларга киритилаётган даъво аризалари шуни кўрсатадики, фермерлар билан тузилган шартномада кўрсатилган шартномавий мажбуриятларни бажармаган ташкилотлар ва тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Биргина Тўрткўл туманида 2021 йилда етиштирилган буғдой маҳсулоти учун кластерлардан 579138 805 миллион сўм фермер хўжаликларига ундириб берилди. Тўрткўл туманида фаолият юритаётган “Иссоқ бобо” фермер хўжалиги “Тўрткўл туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси” билан юк ташиш бўйича тузилган шартномага асосан уч юз етмиш саккиз миллион сўмлик хизмат кўрсатган бўлсада, маблағ тўлаб берилмаган. Натижада Беруний туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасига кўра суд қарори билан фермерга асосий карздорлик ва 34 480 204 сўм жарима ундириб берилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.  

 “Жайхун Ғалла” фермер хўжалиги “Тўрткўл Нон Агрокластер” МЧЖ га буғдой топширган бўлсада, корхона маблағни ўз вақтида тўлаб бермаган. “Рай на Земле” фермер хўжалиги “Тўрткўл Нон Агрокластер” МЧЖга буғдой топшириб, маблағини ололмаган. Иқтисодий судга киритилган даъво арзасига кўра, мулкдорларнинг асосий маблағлари ва тўловнинг кечиккани учун жарималар ундириб берилди.  

 Айрим ҳолларда фермерлар ўртасида ўзаро тузилган шартномаларнинг ҳам бажарилмаслиги кузатилмоқда. “Мавлонбек-Равшанбек” фермер хўжалиги “Бунёдбек Хушнудбек Диана” фермер хўжалиги билан “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларга хизматлар кўрсатиш ва механизация ёрдамида ишлар бажариш юзасидан” шартнома тузган. Унга кўра, “Бунёдбек Хушнудбек Диана” фермер хўжалиги пахта майдонларини текислаб берган бўлсада, маблағни ўз вақтида тўлаб бермаганлиги юзасидан шикоят билан мурожаат қилди. Шунда Беруний туманлараро Иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, ҳал қилув қарори билан 7200000 минг сўм фермер хўжалиги фойдасига ундирилди.  

 Фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида фермер хўжаликларида ерга оид ва кўп тармоқли реестрини шакллантириш юзасидан ҳуқуқий саводхонлик ушрашувлари ўтказилмоқда. Маслаҳатлар доимий тарзда бериб борилмоқда. Айни вақтда жараёнларни янада жадаллаштириш ҳамда фермер хўжаликларининг муаммоларини тезда аниқлаш, ўз вақтида ёрдам бериш учун туман фермерлар кенгашининг телеграмм канали очилди. Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ва адолатни таъминлашдан иборат.  

 И.Ражапбаева,  

Тўрткўл тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси. 

https://www.uza.uz/uz/posts/fermerlarga-asosiy-mablagiga-qoshimcha-ravishda-zharimalar-ham-undirib-berilmoqda_289540

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram