Фермернинг бой берилган фойдасини ҳокимлик тўлаб беради

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган “Уста Рауф боғи” фермер хўжалигининг 2 гектар майдонда парваришланаётган боғ кўчатлари ва орасига экилган саримсоқпиёз Термиз шаҳар ҳокимининг оғзаки топшириғи асосида “Мадинабону-Сурхон” масъулияти чекланган жамияти томонидан бузиб ташланиб, 50 та бир қаватли уй-жой қурилган. Бундан фермер хўжалиги моддий зарар кўрган.Бу масала суд тартибида кўриб чиқилиб, бой берилган фойда ундириладиган бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳада янги имкониятлар эшиги очилди.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор ҳуқуқларга эга бўлди. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиши, судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиши мумкин.

Сўнгги йилларда яратилган имкониятлардан фойдаланаётган Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини судларда ва судгача бўлган жараёнларда ишончли ҳимоя қилмоқда.

Термиз туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган “Уста Рауф боғи” фермер хўжалиги билан боғлиқ ҳолат ҳам бунга яққол далилдир.  

Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мазкур ҳолат бўйича фермер хўжалигининг манфаатини кўзлаб, иқтисодий судга даъво ариза киритди.  Иш Шеробод туманлараро иқтисодий судида кўрилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан “Уста Рауф боғи” фермер хўжалигининг фойдасига Термиз шаҳар ҳокимлиги ва Термиз шаҳар ҳокимиги ҳузуридаги уй-жойлардан фойдаланиш бўлимидан солидар тарзда 198 миллион сўм бой берилган фойдани ундириш белгиланди.

Айтиш жоиз, Термиз туманлараро маъмурий судининг шу йил 25 февралдаги ҳал қилув қарори билан Қумқўрғон тумани ҳокимининг “Баҳор чорбоғи” фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш, ер майдонини захирага олиш ҳақида 2020 йил 23 майдаги Қ-882-сон қарори, шу суднинг жорий йил  10 февралдаги ҳал қилув қарори билан Музработ тумани ҳокимининг “Сафарова Зулфия” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ер майдонини захирага олиш ҳақида 2020 йил 7 сентябрдаги Қ-1097-сон қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Фермер хўжалиги ўз ерида фаолиятини давом эттирмоқда.

Термиз туманлараро маъмурий судининг 29.03.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан Узун туман ҳокимининг “Жахонгир Хайрулла” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш, ер майдонини захирага олиш ҳақидаги 2020 йил  10 ноябрдаги Қ-1008-сон қарори Термиз туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 29 мартдаги, Бойсун туман ҳокимининг “Кофурун-писта-Бойсун” фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш, 54 гектар  ер майдонини захирага олиш ҳақидаги шу йил  23 февралдаги Қ-290-сон қарори жорий йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас, деб топилди.

Олтинсой тумани ҳокимининг “Сувқилисой-пахтакори” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини бекор қилиш, ер майдонини захирага олиш ҳақидаги 2020 йил 9 ноябрдаги Қ-1546-сон қарорини ҳам одил суд ҳақиқий эмас, деб топди. Фермер хўжалигининг манфаати тикланишига эришилди.

Ҳудудий кенгаш ҳуқуқшунослари фермер хўжаликлари ўзлари киритган шикоят аризаларининг судда кўрилишида фермерлар ҳимоячиси сифатида судда иштирок этиш амалиётини ҳам йўлга қўйган. Мисол учун, Сариосиё туманидаги “Асадбек Ахмедов”, Олтинсой туманидаги “Кавулдаш”, “Тошмамат Шерманов”, “Қаймоқли пахтакори” фермер хўжаликлари томонидан туман ҳокимларининг ер ижара шартномаларини бекор қилиш ва ер майдонларини захирага олиш ҳақидаги қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида киритган даъво аризалари судларда кўрилишида ҳудудий кенгаш ҳуқуқшунослари фермернинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлиб, иштирок этмоқда.

Айни пайтда кенгашнинг Термиз ва Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судларида “Термиз Инденим кластери” масъулияти чекланган жамиятидан Термиз туманидаги 49 та фермер хўжалигининг 4 миллиард 441 миллион сўм, “Сарадон Жарқўрғон кластери” масъулияти чекланган жамиятидан Жарқўрғон туманидаги “Аббос АР” фермер хўжалигининг 45,1 миллион сўм ҳақдорлигини ундириш бўйича киритган даъво аризалари ҳам кўрилмоқда. Буларнинг барчаси кейинги йилларда фермер ва томарқа ер эгалари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

О.Севаров,  

Сурхондарё вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси.

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermerning-boy-berilgan-foydasini-hokimlik-tolab-beradi_285680

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram