Фермерлар фаолиятида кўмакчи бўлаётган марказлар

Ёзнинг иссиқ кунлари ҳар бир деҳқон учун ғанимат ҳисобланади.

Деҳқон қуёш чиқиши билан далада. Бозорларимиз, дастурхонимизнинг тўкин-сочинлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилади.  

Бугун юртимизда фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг меҳнати самарадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари очилди. Айни пайтда республикамиз бўйича 154 та бухгалтерия марказида 2 минг 263 та ҳисобчи фаолият юритиб, деҳқонларимизнинг оғирини енгил қилиш мақсадида уларнинг бухгалтерия ва ҳисоб-китоб ишларини бепул амалга оширмоқда.  

Жумладан, фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисоби юритилишини таъминлашга кўмаклашиб келаётган мазкур марказлар фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмалар ҳисобланишини, мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказишни, солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этишга ёрдамлашмоқда. Шу билан бирга, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ва уларнинг тегишли органларга тақдим этилишини ташкил этиш, фермер хўжалигининг йил якунига кўра даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш ва кейинги йилга бизнес режа тузишда амалий ёрдам бериш каби ишларни амалга оширишда кўмаклашиб келмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, деҳқонларимизга эркинлик берилса, дала ишларидан чалғитилмаса, уларнинг ишида ҳам, деҳқончилигида ҳам барака бўлади. Бироқ уларнинг ҳисоб рақамларига солиқ, МИБ ва бошқа ташкилотлар томонидан нотўғри тўлов талабномалар (инкасса) қўйилиши ва бошқа хат-ҳужжат ишларидаги муаммолар деҳқон ва фермерларга қийинчилик туғдирмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида 3039 та фермерга 4 миллиард сўм, Жиззах вилоятида 3917 та фермерга 6,8 миллиард сўм, Навоий вилоятида 4,9 миллиард сўм нотўғри тўлов талабномалар қўйилгани аниқланди. Бундай тўлов талабномалар, афсуски, ҳар бир вилоятда мавжуд.  

Ҳозирги кунда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошида очилган марказ ходимлари томонидан фермерларимизни қийнаб келаётган бундай муаммолар ечимини топишда катта кўмак берилмоқда. Бу эса фермер ва деҳқон хўжаликлари эгаларининг асосий ишидан чалғимасдан ўз фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳонгир Галаев,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси.

https://uza.uz/uz/posts/fermerlar-faoliyatida-komakchi-bolayotgan-markazlar_285574

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram