Жамғармада коррупцияга қарши курашишнинг халқаро стандартлари жорий этилмоқда
Коррупцияга қарши курашиш илк бор милоддан аввалги ХХIV асрда Мессопотамияда бошланган, лекин кутилган самарани бермаган. Коррупцияни тугатиш йўллари ва ҳуқуқий асослари эса илк марта Ҳиндистонда яратилган.
Бундан 2,5 минг йил аввал ёзилган “Артхашастра ёхуд сиёсат илми” китоби давлатни бошқариш ва хўжалик юритиш мавзуига бағишланган бўлиб, унда давлат тузиш, бошқариш ва уни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари акс этган. “Артхашастра”да порахўрликнинг қирқта тури тасниф этилган. Коррупциянинг олдини олишга жавобгар мансабдор шахс вақти-вақти билан халқ тўпланадиган жой ва бозорларда аҳолига қарата: “Бирон бир бошлиқдан зарар кўрганлар бўлса, шу ҳақда бизга хабар берсинлар”, дея мурожаат қилиб турган.
Зеро, бу масала бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Коррупция ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида кўп қўлланилаётган атамалардан бирига айланди. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли иллатлардан биридир.
Умуман олганда, коррупция ҳодисаси шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир.
2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 29 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонлари юртимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соҳага ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларини жорий қилиш вазифаси белгиланган.
Мазкур халқаро стандартлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизмати ҳамда сертификатлар олиш бўйича Товар хомашё биржасининг махсус ахборот порталида танлов эълон қилиниб, ғолиблар аниқланди.
Ҳозир ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизматларидан фойдаланган ҳолда барча зарурий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, жамғарма тизимида жорий қилинмоқда.Куни кеча жамғарма фаолияти ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификациядан ўтказилди.
Қайд этиш керакки, жамғармада амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ишлари келгусида маблағларнинг самарали ва манзилли ишлатилишига, коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатларини талаб даражасида такомиллаштиришга, ходимлар ва мижозларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мунтазам равишда шакллантириб боришга хизмат қилади.
Аббос Мадиев,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи.