Қонунларга киритилган ўзгартиришлар томорқа ер эгасига нима беради

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида жорий йилнинг 1 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Деҳқон хўжалиги” ва “Томорқа хўжалиги” тўғрисидаги қонунларига киритилган ўзгартиришларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Сирдарё вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳар бир томорқа ер эгаси ва деҳқон хўжаликлари бошлиқлари эркин ҳолда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ҳамда бошқа соҳалар билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун янги имтиёз ва енгилликлар яратилганига алоҳида эътибор қаратилди.  

Таҳлилларга кўра, ҳозирда Сирдарё вилоятида 151 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 18,8 минг гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда. Томорқа эгалари томонидан 4975 гектардан ортиқ майдонда тўқсонбости усулида экин экилган.

Сирдарё туманида томорқачилик ҳадисини олган деҳқонлар кўп. Ҳозирда тумандаги 27 минг 769 нафар томорқачининг ихтиёрида 3975 гектар суғориладиган ер майдони мавжуд. Эртаги экин сифатида томорқа ер эгалари томонидан 2041 гектар ерга эртаги экин сифатида кўкат экилган. Туманда иссиқхона юритиш бўйича тажриба мактаби яратилган. Жумладан, ҳудудда 203 гектар ерда 1400 та иссиқхона ташкил этилган.

Семинар доирасида тумандаги “Қуёшли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, томорқасидан 2-3 марталаб ҳосил олаётган хонадонларда маҳорат дарси шаклида тадбирлар ўтказилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга помидор, булғор қалампири ва аччиқ қалампир кўчатлари ҳамда сабзавотларнинг уруғлари тарқатилди.

Қайд этиш керакки, сўнгги тўрт йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарорлар, киритилган ўзгартиришлар экин еридан самарали фойдаланган томорқа ер эгаларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

https://www.uza.uz/uz/posts/qonunlarga-kiritilgan-ozgartirishlar-tomorqa-er-egasiga-nima-beradi_262808

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram