Фарғоналик ёшларга 18 минг гектар ер майдони ажратилади
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусан “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Жорий йил 1 майдан бошлаб деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинаётир, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқинжон Сатторов. – Бунда, сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан “устоз-шогирд” тамойили асосида ёшларга ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ерлар ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни реализация қилиш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади. Жамғармамиз томонидан 52 миллиард сўм маблағ “Ёшлар дафтари”дагилар учун бериш кўзда тутилган. Улар мазкур имтиёзли кредитларга иссиқхона қуриши, паррандачилик ва бошқа соҳаларни йўлга қўйишлари мумкин бўлади. Шунингдек, республикамиз бўйича 233 минг гектар ер деҳқончилик қилиш истагидаги ёшларга берилмоқда.
Фарғона вилоятида “Ёшлар дафтари” га киритилган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва турмуш шароитини янада яхшилаш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, дафтарга киритилган қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш истагида бўлган ишсиз ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиб бериш ишлари давом этмоқда. 18 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилаётган бўлиб, сабзавотлар, полиз экинлари, картошка ҳамда дуккакли экинлар экилмоқда.
Учкўприк туманидаги “Бобошбек”, “Муллаев Муқимжон Зиёси”, “Аброрбек қувонч нури” фермер хўжаликлари тасарруфидаги экин майдонидан 4 гектар ер “Бобошбек”, “Яккатут”, “Катта кенагас” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 40 нафар ишсиз ёшга 20 сотихдан ажратилди. Соҳа мутахассислари томонидан ёшларга эртанги экинлар турлари, уларни экиш ва парваришлаш агротехникаси ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
– Етти йилдан бери Россия ва Қозоғистонда ёлланма ишчи бўлиб меҳнат қилардим, – дейди Достон Нуралиев. – Бугун бизга 20 сотихдан ер беришди. Бу ердан унумли фойдаланиб, картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштирмоқчиман. Бир йил давомида шу ерда меҳнат қилсам, четга чиқиб иш излаб юришимга зарурат қолмайди. Ҳозирга қадар туманда маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсияси ва ишчи гуруҳ аъзоларининг “хонадонбай” ўрганишлари асосида ҳудудлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз, мигрантликдан қайтган ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган 17 мингдан нафардан зиёд ёшга деҳқончилик учун ер ажратиб берилмоқда.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб- қувватлаш жамғармаси томонидан вилоятдаги “Ёшлар дафтари”га кирганларга 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ имтиёзли кредит асосида берилиши режалаштирилган.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/fargonalik-yoshlarga-18-ming-gektar-er-maydoni-azhratiladi_263361