Деҳқон тўла мустақилми
Дунёда аҳоли сонининг ўсиб бориши, экин ерлар ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш барча мамлаткатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган талабини қондириш ҳамда бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги барчамизга маълум.
Сўнгги йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича бир-нечта қарорлар қабул қилинди, ҳаттоки қонунларимизга ўзгартириш киритиб такомиллаштирилди, янги таҳрирдаги қонунлар қабул қилинди натижада, экин еридан самарали фойдаланган деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларини рағбатлантиришмеханизми жорий этилди.
Жумладан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида” ва “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунлар қабул қилинди.
“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун билан деҳқонларга тўла мустақиллик берилди.
Ушбу қонун кичик ер эгалари синфини юзага келтириш учун муҳим манбадир.
Қонунга мувофиқ, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади.
Шу билан бирга, деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмаслиги белгиланди. Деҳқон хўжалигига ажратилган ер участкасини олиб қўйиш шартларини аниқ қилиб белгиланиши ер участкалари ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олдини олишга хизмат қилиб, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиради.
Фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми оралиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) рухсат берилиши эса вақтинча бўш турган ерлардан самарали фойдаланишга йўл очади.
Деҳқон хўжалиги бошлиғи — асосий иш юритувчи.
Ушбу қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда деҳқон хўжаликларининг вазифаси, уларга берилган имконият ва ҳуқуқлар батафсил изоҳланган. Қонуннинг 4-моддасида деҳқон хўжалигининг бошлиғи — ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.
Хўш, бундай шахслар қонунчиликка мувофиқ қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга? Аввало, деҳқон хўжалигининг бошлиғи ушбу хўжалик номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан, унинг манфаатларини ифода этади ва битимлар тузади. Янги тузиладиган ҳар қандай деҳқон хўжалиги унинг бошлиғи томонидан давлат хизматлари марказларига қилган мурожаати асосида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади ва деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирма берилади. Аммо деҳқон хўжалигини юритишда ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлик, деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйганлик ва реестрлардан кўчирмалар берганлик учун ҳеч қандай давлат божи ва йиғим ундирилмайди.
Хўжалик фаолияти учун ажратилган ҳамда ижарага берилган ер участкасида бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан, ер ости иншоотлари қурилиши тақиқланади. Фақат, енгил конструкцияли иссиқхона ва суғориш қурилмаларни ўрнатиш бундан мустасно, экани кўрсатилган. Шунингдек, ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан биргаликда, 10 шартли бош чорва ҳайвонларини боқишга рухсат берилади. Асосийси, деҳқон хўжалиги ўзининг фаолият йўналиши, экин турлари ва ҳажмлари, уларни етиштириш усуллари ҳамда агротехник тадбирларни амалга оширишни ўзи мустақил равишда белгилайди.
Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олиш ва бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи субъектлар билан тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Шу мақсадларда деҳқон хўжалигининг бошлиғи тегишли субъектлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ёки биржа савдоларида қатнашиши мумкин.
Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб мустақил равишда нарх белгилайди. Ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўзи етиштирган маҳсулотларни қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатларсиз) республика ҳудудида эркин ташиш ва сотишга ҳам ҳақли. Ўзи етиштирган маҳсулотларни даласида, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида белгиланган тартибда, шунингдек, аҳоли пунктларида кўчма савдо ташкил этган ҳолда сотиши учун қўшимча рухсатнома (лицензия) талаб этилмайди. Унинг фаолияти натижасида олинган даромадлар эса солиқ солинадиган даромадлар ҳисобланмайди.
Деҳқон хўжаликларининг хўжалик фаолиятига, шу жумладан улар томонидан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларини танлашга, ишлаб чиқариладиган ҳамда реализация қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нарх белгилашга давлат органлари ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Янги Қонуннинг қабул қилиниши, деҳқонларга кўплаб имтиёз ва имкониятлар берди, деҳқон хўжаликларини янада ривожлантириш, ҳеч кимга қарам бўлмаган ҳолда, эркин фаолият юритиш имконияти юзага келди.
Ҳуқуқшунос
Зафар Мустафақулов
https://human.uz/site/inner/11641