Янги қонунлар моҳияти тушунтирилмоқда
2021 йил 1 апрелда Президентимиз томонидан тасдиқланган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» ва «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар учун айни муддао бўлди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари мазкур қонунларнинг мазмун- моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида томорқа ер эгалари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Шундай учрашувлардан бири Оққўрғон тумани Тортувли маҳалласида яшаётган Саидраҳмон Умурзоқовнинг хонадонида бўлди.
– Бу қонунларнинг қабул қилиниши бизга ўхшаган оддий меҳнаткашларнинг томорқа хўжаликларини мустақил равишда бошқаришимиз, жумладан, етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилишимиз, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этишимизга ёрдам беради, – дейди Саидраҳмон ака. – Энди деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотини ўзи хоҳлаган нархда сотиши, керак бўлса, экспортга чиқариши мумкин бўлади. Бу эса бозорларимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлиши ва рақобат муҳити шаклланиши учун муҳит яратади.
Жаҳонгир Галаев,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси
https://uza.uz/uz/posts/yangi-qonunlar-mohiyati-tushuntirilmoqda_256231