Томорқа оиланинг “тилла сандиғи”
Баҳор дала ишлари қизғин паллага кирадиган фасл. Айни экин-тикин мавсумида фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиш, ниҳол қадаш тадбирлари бажараётган томорқа эгалари кузда мўл ҳосил олиши шубҳасиз.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сўнгги йилларда кун тартибидаги асосий масалалар сирасидан ҳисобланади. Шунингдек ҳали бери кун тартибидан тушмаса ҳам керак. Аҳоли томорқаси эса бунда алоҳида ўринга эга.
Аслида ҳам бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, нега Президентимиз ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида кўп бора такрорламоқда? Аввало, сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни истаяпти. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти.
Хўш, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу борада деҳқонларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчаси муҳайё этилмоқда.
Бу эса аҳолининг томорқадан оқилона фойдаланиши ва мўл ҳосил олишга бўлган қизиқишини оширмоқда. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам тегишли юмушлар бажарилаяпти. Хусусан, Пахтачи тумани томорқачилари экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ўзига хос тажрибага эга. Буни Нахрипай маҳалласида амалга оширилаётган ишлар мисолида хам кўриш мумкин.
Қишлоқ аҳолиси хонадонларига кирган инсоннинг баҳри дили очилади. Чунки, аҳоли томорқаси турли экинлардан яшнаб турибди. Шу қишлоқнинг ўзида аҳоли томорқасида элликдан ортиқ иссиқхона барпо этилгани ҳам бунга мисол бўла олади. Бинобарин бу маҳаллада қишин-ёзин ички бозорни бодринг, помидор, лимон, мандарин, исмалоқ ва гуллар билан таъминлаб келмоқда.
Улаш Шомуродов хонадонида бундан уч-тўрт йил аввал синов тариқасида 4 сотихли иссиқхона ташкил этилган эди. Унда турли хил манзарали гуллар етиштиришнинг ҳадисини олган хонадон аҳли ҳозирда йилига 40 миллион сўм атрофида даромад олмоқда. Асқар Жиянов хонадонида эса иссиқхонада қулупнай етиштириш йўлга қўйилган. Баҳорнинг илк кунларида бозорга маҳсулот етказиб бериш эвазига хонадон аҳли яхшигина фойда кўрмоқда. Қулупнайдан кейин такрорий экинлар етиштирилмоқда.
Эгамберди Орипов, Бахтиёр Соатов хонадонида эса ҳар мавсумда кўп миқдорда помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Илёс Соатов хонадонида эса тўқсонбости экинларидан яхши даромад олиш тизими шаклланган. Улар бир йилда 3-4 марта ҳосил олиб, 15 миллион сўмгача даромад қилар экан.
Халқимизда «Ерни боқсанг, ер сени боқади» деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътибор кутади. Томорқа – ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Қолаверса, бир парча ернинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам унутмаслик керак. Аввало, томорқада инсон ҳалол меҳнатга ўрганади. Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслиги мумкин. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, юртимизда турмуш маданияти ҳам шунча юксалади.
https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-oilaning-tilla-sandigi_253112