Обод томорқа хонадон фаровонлигини таъминлайди

Мамлакатимизда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Мазкур дастурларга асосан 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган.

Бу жараёнда ободончилик ишлари билан бир қаторда, янги иш ўринлари яратиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ушбу дастурларда фаол иштирок этиб, шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ҳамда шаҳарлардаги 188 та маҳаллада томорқа ишларини ривожлантириш чораларини кўрмоқда.

Шу мақсадда кенгаш вакиллари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйиб, ҳар бир хонадон вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилмоқда.

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг муаммоларни ўрганиш, хотин-қизлар ва ёшларни аграр тармоқ соҳасига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу орқали ёрдамга муҳтож юртдошларимизга кўмак кўрсатиш, уларни доимий даромадга эга бўлиши учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу борада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Сирдарё вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб бормоқда. Хусусан, Сирдарё туманида “Аёллар дафтари”га киритилган 84 та аёлнинг яшаш тарзи, оиласининг ижтимоий аҳволи ўрганилди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир хонадоннинг томорқаси экишга тайёрлаб берилди. Томорқа атрофига экиш учун бепул 475 та олма, шафтоли, ўрик, тут каби мевали дарахт кўчати берилди. Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бу каби хайрли юмушларни ҳар бир ҳудуд кесимида амалга оширмоқда. Мақсад эса ягона – аҳоли даромадини ошириш орқали камбағалликка барҳам бериш.

https://uza.uz/uz/posts/obod-tomorqa-xonadon-farovonligini-taminlaydi_252871

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram