Ўрта Чирчиқлик оила иссиқхонадан йилига 50 миллион даромад олади, Қуйи Чирчиқ туманида эса…

Мамлакатимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам аҳоли томорқасидан сабзавот маҳсулотлари етиштириш одатий ҳолга айланди.

Бу ишнинг ҳадисини олган оилаларнинг даромади ошиб, ўз-ўзини банд қилмоқда. Пировардида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам етиштирган маҳсулотларига харидорлар кўпаймоқда.  

Шуни эътиборга олган ҳолда, Тошкент вилояти аҳолисига ўзлари эгаллаб турган томорқалардан самарали фойдаланиш, етиштирган ҳосилни аввало ўз оиласи ундан кейин эса бозорларимизга арзон ва сифатли тарзда етказиб бериш тўғрисида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Томорқа хизмати” МЧЖ мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳи томонидан тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, томорқачиликда энг намунавий ишларни амалга ошираётган, барчага ўрнак бўлаётган оилалар тажрибаси оммалаштириляпти. Аксинча, мавжуд ери бўлса ҳам ундан самарали фойдаланмаётган, вақтида агротехник тадбирларни амалга оширмай, турли сабзавот кўчатларини парвариш қилмаётганларга тушунтиришлар берилаётир.  

Бу саъй-ҳаракатлар бежизга эмас, албатта. Мутахассислар томонидан Ўрта Чирчиқ туманида ҳам энг намунали томорқа хўжаликлари фаолиятини оммалаштириш, улар фаолиятини янада кенгайтириши учун қулай шароит яратиш чоралари кўрилмоқда. Шунинг баробарида кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилалар томорқа ерларига помидор, бодринг, саримсоқ пиёз ва бақлажон каби кўчатлар экиб бериш, парваришида ёрдамлашиляпти.  

Хусусан, “Уйғур” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сардор Усмоновнинг 8 сотих томорқа ерида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, февраль ойида брокколи карами кўчатларини эккан эди. Режага кўра, апрель ойи ўрталарида 2 тонна маҳсулот олиш кутиляпти.  

– Етиштирган маҳсулотларимизни Россия давлатига экспорт қиламан, – дейди Сардор ака. – Шунингдек, иссиқхонамизда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб помидор, бодринг кўчатларини ҳам етиштирамиз. Сабзавотларни суғориш учун томчилатиб суғориш ускуналаридан унумли фойдаланамиз. Бу орқали ортиқча сув сарфини камайтирамиз. Оила аъзоларим барчаси шу иш билан банд. Иссиқхонадан бир йилда 50 миллион сўм даромад қиламан. Тажрибали томорқачилар, агрономлардан мунтазам маслаҳат олиб тураман. Бу ишимни тўғри ташкил этишда асқатади.  

Маҳалла раисининг таъкидлашича, бу ердаги жами 540 та хонадон томорқасидан 340 тасида иссиқхона қурилган бўлиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида самарали иш ташкил этилган. Етиштирилган сабзавот маҳсулотлари ички ва ташқи бозорга мунтазам чиқарилади. Аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан, зарур кўчатлар бериляпти. Молиявий имконияти чекланган оилаларга иссиқхона қуриляпти.  

Кенгаш томонидан Усмоновлар тажрибасини барча МФЙларда оммалаштириш, хусусан, “Темир дафтар”даги оилаларни жалб этиш ҳақида масъулларга тавсиялар берилди.  

Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, қишнинг ғафлат уйқусидан ҳалигача уйғонмаганлар орамизда бор. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишчи гуруҳи Қуйи Чирчиқ тумани “Сергели” МФЙдаги Марказий, Сайхун, Соҳил ва Замондош кўчаларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Айни пайтда маҳаллада 2 минг 450 нафар аҳоли яшайди, 568 та хонадон, 16,1 гектар томорқа ер майдони мавжуд.

Ўтказилган мониторинг жараёнида хонадонларнинг 70 фоизида томорқа ер майдони шудгорланмаган, 115 та хонадонда мевали дарахт ва сабзавот кўчатлари ҳалигача экилмаган. Шунақа хонадон эгаларига камчиликларини бир кун муддатда бартараф этиши, акс ҳолда 3 баробар солиқ жаримаси қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, 18 та хонадоннинг ер майдонлари ҳайдаб берилди, 28 та хонадонда сабзавот, 36 хонадонга 200 дона мевали кўчатлар эктирилди. Ўрганиш жараёнида айрим оилалар иссиқхона қуриш, парранда, қуён ва асалари боқиш хоҳиши борлигини билдирди. Масъуллар томонидан улар имтиёзли кредит олувчилар рўйхатига киритилди.

Таъкидлаш лозимки, ишчи гуруҳ жойларда уйма-уй юриб, томорқа ер эгаларининг ердан мақсадли ва самарали фойдаланиши, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхона қуриш, томорқа маданияти, аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли ўрганиб, уларга маслаҳат ва амалий ёрдам бериб келяпти.  

                                                                                                                                        А.Мусаев, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/orta-chirchiqlik-oila-issiqxonadan-yiliga-50-million-daromad-oladi-quyi-chirchiq-tumanida-esa_251862

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram