Мевали дарахт кўчатлари текин тарқатилмоқда
Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл ёқаларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.
Шу кунларда юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналарда диёримизни бундан-да обод қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу ишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, унинг тармоқ ва ҳудудий ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, “Наврўз” умумхалқ байрами кунларида ўтказилаётган “Булунғурни яшил ҳудудга айлантирамиз” лойиҳаси доирасида туман бўйлаб 10 минг дона мевали дарахт кўчати экилиши режалаштирилган.
– Булунғур туманининг иқлими айни боғ қилиш учун жуда қулай, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Тўлқин Сатторов. – Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишига яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдириш ҳамда маҳаллаларни кўркам кўринишга келтиришдан иборатдир.
Булунғур тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фарғона вилоятидан нок, олма, беҳи, шафтоли, ўрик, қароли каби дарахт кўчатларидан 10 минг дона олиб келди. Айни вақтда кўчатлар маҳалла раислари иштирокида тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўчат экиш учун ери бўлган фуқароларга бепул тарқатилмоқда.
https://www.uza.uz/uz/posts/mevali-daraxt-kochatlari-tekin-tarqatilmoqda_250914