Жомбойда деҳқончилик мактаби яратилмоқда
Дунёда ҳар йили икки миллион тоннадан зиёд ёнғоқ етиштирилади ва истеъмол қилинади.
Сўнгги йилларда унинг истеъмол қилиш миқдори ошиб бормоқда. АҚШ, Чили, Украина, Хитой ва Молдова энг кўп ёнғоқ экспорт қилувчи мамлакатлар сирасига киради. Юртимиз ушбу маҳсулотни етиштириш бўйича қулай иқлим шароитига эга бўлишига қарамай, ёнғоқ экспорт қилувчи асосий мамлакатлар қаторига кирмайди.
Эндиликда бу борадаги имкониятларни ишга солиш учун ҳудудларда ёнғоқзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов иштирокида Жомбой туманида 129 гектар майдонда ёнғоқзор ташкил этиш мақсадида ўтказилган амалий семинарда ҳам бу борада алоҳида қайд этилди.
– Ёнғоқ – намликни ёқтирадиган дарахт. Ўзбекистоннинг айрим жойларида, масалан, Жомбой туманида уни суғормай ўстириш мумкин. Бунда ёғингарчилик миқдори 800-900 мм.дан кам бўлмаслиги керак, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Самарқанддаги вакили Шомирза Сафаров. – Бугун “Ёрқулбобо” фермер хўжалигининг 32 гектар ерида дастлабки ёнғоқ кўчатлари экилиб, плантацияга асос солинди. Чунки, четга сотиш учун бир хил нав ва катта партиядаги ёнғоқ керак. Бунга фақат ёнғоқ плантациялари яратиш йўли билан эришиш мумкин.
Қайд этиш керакки, Жомбойда янги деҳқончилик маданиятини яратиш мақсадида экин майдонларидаги экинлар қайта тақсимланмоқда. Мисол учун, жорий йилда ҳозирга қадар пахта экилган ва паст ҳосил олинган 8 минг гектарнинг рентабеллигини ошириш мақсадида бошқа экинлар экилади. Босқичма-босқич олиб борилган қисқартириш натижасида пахта майдонлари 800 гектар атрофида қолди. У ҳам бўлса, сувга яқин ва ҳосилдорлик юқори бўлган манзиллар танлаб олинган.
Туманда аҳоли даромадларини ва бозордаги тўкинликни таъминлаш мақсадида 7481 та янги лойиҳани амалга ошириш, бунда ёшларга 30 сотихдан ер ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун керак бўладиган маблағларни Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг жамғармаси ҳисобидан ажратиш мўлжалланмоқда.
Ана шу маблағлар эвазига аҳоли хонадонларига 62 мингта парранда тарқатилиб, 5 гектарда 557 хонадонга иссиқхона қурилиб, 5 мингдан ортиқ хонадонга анор кўчатлари етказиб берилади. Шунингдек, 1 минг 780 гектар самарасиз экин майдонларини ўзлаштириш ҳисобига боғ ва токзорлар барпо этиш, доривор ва озуқа ўсимликлар етиштириш кутилмоқда.
Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида янги боғ қатор ораларига ҳам йилига уч марта экин экиш тавсия этилмоқда. Бунда эса Жомбой туманида ташкил этиладиган олтита “Томорқа хизмати”, иккита кооперация ва аҳолига 12 турдаги хизматлар кўрсатувчи кластернинг алоҳида кўмаги кутилмоқда.
https://uza.uz/uz/posts/jomboyda-dehqonchilik-maktabi-yaratilmoqda_244804