“Кластер – изланиш, инновация, дегани”. Президент қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали бу йил ҳар бир гектардан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказиш мақсади белгиланган.

“Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши керак”, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бунинг учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилган. Мисол учун, Мирзаобод туманидаги айрим майдонларда пахта ҳосилдорлиги 12 центнерни ташкил қилмоқда. Лекин, у ердаги маҳаллаларнинг ихтисослашуви ўрганилганда, анор етиштириш имконияти ва қайта ишлаш корхонаси борлиги аниқланган.

Хабарга кўра, Фориш ва Элликқалъа туманларида винобоп узум навларини ўстириш мумкин. Булоқбоши туманида саримсоқпиёздан яхши даромад олиш, хонадонларга имтиёзли кредит бериш орқали йилига 1 минг тонна экспортбоп узум етиштириш имконияти бор.

“Жорий йил 1 мартдан бошлаб, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида боғ, ток ва иссиқхона учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли даври эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади. Бу – одамларнинг истаги, ўзгаришлар учун имконият”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Лалми ва яйлов ерларни фойдаланишга киритиш, бу орқали доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш муҳимлиги таъкидланган. 

Маълумки, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган вазифаларга мувофиқ, ишсиз фуқароларга 10 сотихдан 50 сотихгача ер берилмоқда. Мутасаддиларга ушбу ерларни аҳолига яқин жойдан ажратиб, уруғ, ўғит ва техника таъминотида кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилда қишлоқ хўжалиги корхоналарини 702 минг тонна уруғ ва 105 миллион туп кўчат билан таъминлаш зарур.

Лекин, бу борада тизим йўлга қўйилмагани аҳолига ҳам, экспортчиларга ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Навларнинг сифати, маҳсулотларнинг етилиш муддати ташқи бозорларда етакчи ўринларга чиқиш имконини бермаяпти.

Шу боис, энди Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳамда унинг илмий-тажриба станцияларида давлат-хусусий шериклик асосида юқори ҳосилли, экспортбоп мева ва узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Бунинг учун ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос интенсив кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилади. Маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олинганда, бунга кетган маблағнинг 20 фоизигача қисми тўлаб берилади.

Шунингдек, муқобил энергияда ишлайдиган лимончилик иссиқхоналари қуриш харажатларининг ҳам бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади.

Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.

“Кластер – изланиш, инновация, дегани. Агар кластерлар эртанги кунни тасаввур қилиб ишласа, қўшимча қийматли маҳсулотларни бозорга олиб чиқиб, рақобатбардош бўлиши мумкин. Дунё тажрибасини ўрганиб, маҳсулотни кўпайтириб, таннархни камайтириш керак”, дейди Президент.

Маълум қилинишича, аграр тармоқни барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш учун бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунда, биринчи марта, сабзавот етиштиришга Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар бериш учун 300 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, бошоқли дон ва пахта етиштириш, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига 19 ойгача кредитлар бериш учун ҳам қўшимча маблағлар талаб этилади.

Шу мақсадда, бугун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси фаолияти ҳамда ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида Президент қарори қабул қилинган. Йиғилишда ушбу қарор мазмун-моҳияти, ижроси ҳақида сўз борган.

Давлат раҳбари соҳада илм-фан ва ахборот технологияларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.  Полиз ва сабзавотчиликни ривожлантиришда АҚШ, мева етиштиришда Буюк Британия, дончиликда Австрия, ўсимликлар ҳимояси бўйича Нидерландия, ўсимликлар озиқланиши ва хужайра биологияси бўйича Германия тажрибасини ўрганиш, экспертларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди ва алоҳида тузилма ташкил этилмоқда. Ушбу тузилмага йил якунига қадар 3 миллион гектар суғориладиган ерлар мониторинги, тупроқ таркиби ва экинлар ҳақидаги маълумотларни мужассам этган ахборот тизимини йўлга қўйиш топширилди. Бу мақсадларга халқаро молия ташкилотларининг 10 миллион доллари йўналтирилади.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида Агрохизматлар марказини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Видеоселектор йиғилишида сувдан тежаб фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Шу боис сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат.

Хусусан, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш мумкин.

Бу, ўз навбатида, шундай технология ва ускунларга талабни оширади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35-40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис, сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилингани айтилган.

Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини “онлайн” мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилган. 

Бу йил 1 июлдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги бўлмаган чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчилик хўжаликларига етиштирган маҳсулоти учун бюджетдан субсидия ажратилиши таъкидланган.

Шунингдек, чорвачилик корхоналарига хомашё ва технологияларни импорт қилишда бир қатор енгилликлар берилади. Балиқ ва парранда етиштиришдаги нобудгарчиликни суғурталаш тартиби ишлаб чиқилади.

Чорвачиликда озуқа-ем масаласи долзарб. Шу боис янги ўзлаштириладиган ерлар чорва комплекслари учун тақсимлаб берилиши, 28 минг гектар лалми ва яйловларда ҳамда 173 минг гектар асосий экиндан бўшаган майдонларда омухта-ем етиштирилиши белгиланган.

Мазкур йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, қишлоқ хўжалиги тармоқлари раҳбарлари ахборот берган.

Умиджон Нозимжонов

https://qalampir.uz/news/klaster-izlanish-innovatsiya-degani-prezident-k-ishlok-va-suv-khuzhaligi-buyicha-yigilish-utkazdi-33923

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram