Кластер: маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланади

Кластер тизими ҳақида кўпчилик муайян маълумотга эга. Аммо унинг афзалликлари ҳақида ҳали тўла тушунчага эга бўлмаган кишилар, ҳатто фермерлар кўп. Хўш, кластер тизимининг афзалликлари нимада?

Кластер, аввало, қишлоқ хўжалиги экинини етиштиришдан бошлаб тайёр хомашё бўлганига қадар босқичларни ўзида жамлайди. Тизим маҳсулот сифатини оширибгина қолмай, етиштириладиган ҳажми бўйича самарадорликни кўтаради. Бутун бир маҳсулот асносида ягона индустрлашган тизимни ташкил қилади. Масалан, илгари пахта «Ўзпахтасаноат» орқали тўқимачилик корхоналарига етказиб берилган бўлса, бугунги кунда маҳсулот тўғридан-тўғри тўқимачилик корхоналарига келиб тушмоқда. Яъни, пахта далалари ва тўқимачилик корхоналари ўртасида узвийлик юзага келди.

Кластерлашган тармоқ ўзига кўплаб мажбуриятларни олган ҳолда иқтисодиётимизни барқарорлаштиради, юқори сифатда ўстиради. Чунки кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланади. Кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириши эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топади. Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, олинадиган даромад салмоғи каррасига кўпаяди.

Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ишлаб чиқаришнинг янги – кластерлар ва кооперативлар усуллари йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 44та кластерлар мавжуд бўлиб, уларга 151,9 минг гектар ер майдони бириктириб берилди.

Жумладан, 10 та пахта-тўқимачилик, 15та ғаллачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, 5 та картошкачилик, 1та доривор ўсимлик етиштирувчи кластерлар ташкил этилган. Мазкур кластерлар ихтиёрида 566 тага яқин замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини мавжудлиги ҳамда                        2,5 минг гектар боғ ва 4,7 минг гектарга яқин токзорларнинг улар томонидан ташкил этилганлиги ҳам соҳада юритилаётган тўғри ислоҳотлардан далолатдир.

Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар учун кластер ва кооперативларга бириккан ҳолда, етиштирилган хомашёни қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулот кўринишида дунё бозорлари истеъмолчиларига етказиб бериш имконини бермоқда.

Буни кейинги йилларда пахтачилик тармоғида ташкил этилган кластерлар фаолиятида яққол кўришимиз мумкин. Масалан, 2020 йилда вилоятда 75,6 минг гектар майдонда 215,5 минг тонна пахта етиштириш белгиланган бўлиб, амалда 223,3 минг тонна ёки режага нисбатан 7,8 минг тонна кўп пахта хом ашёси етиштирилди. Бу – ҳар гектар ер майдонидан олинган ўртача ҳосилдорлик 29,5 центнерни ташкил этганидан далолат.

Агар бу борадаги мухтасар таҳлилга назар ташлайдиган бўлсак, юзлаб фермер хўжаликлари кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтачиликда гектаридан 22-24 центнердан ҳосил олган бўлса, экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум – 2019 йилда гектаридан 32-35 центнердан пахта етиштирилди. 2020 йил эса бу хўжаликларда ҳосилдорлик 40 центнергача етди.

Энг муҳими, бу хомашёнинг аксарият қисми пахта-тўқимачилик кластерларида қайта ишланяпти. Чунки бу кластерларда 82,7 минг тонна тола, 56,0 минг тонна толадан ип калава, 37,0 минг тонна ип калавадан мато, 37,2 минг тонна матони бўяш ва 31,0 минг тонна тайёр тикув-тритотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.

Шу имкониятлардан келиб чиқиб, 2021 йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 75,4 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш, 46,7 минг тонна ип-йигирув, 34,5 минг тонна мато, 20,4 минг тонна бўяш, 3,0 минг бош чорва молларини парваришлаш, 71,5 минг тонна чигитни қайта ишлаш лойиҳалари (жами 26 та лойиҳа) ни амалга ошириш учун 866,1 миллиард сўм маблағ жалб қилинади ва 4,2 мингта янги иш ўринлари яратиладива тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3 баробарга ўсиши таъминланади.

Ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, сабзавот, полизчилик, картошкачилик ва бошқа кластер корхоналарида ҳам ана шундай лойиҳалар амалга оширилади, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, 2020 йилда вилоятимиздан жами 27,0 минг тонна ёки қиймати 28,2миллион АҚШ долларига тенг бўлган 35 турдан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг 15 мамлакатига экспорт қилинди. Бунда ҳам мева-сабзавотчилик ҳамда томорқа хизмати кластерларининг ўрни беқиёс.

Бунинг учун қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурати туғилмоқда. Жумладан, «Маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш – қайта ишлаш ва экспорт» занжирини ташкил этадиган кластер ва кооперациялари тизимини кенг жорий қилиш (бу орқали мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишларни бартараф этилади); селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис уруғ ва кўчатларни сезиларли қисмини импорт қилишга мажбур бўлинмоқда. Бу борада эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжир, яъни мазкур йўналишда ҳам кластер ва кооперация тизимини ташкил этиш; йирик экспортёр кластер ва кооперативлар сонини ошириш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозори, аниқ молиявий манбаси билан ишлайдиган тадбиркор (кластер)га бириктириш; ташкил этилаётган йўналишлардаги кластер ва кооперация раҳбарларини хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишларини йўлга қўйиш ва асосийси, халқаро бозорни ўрганиш ва талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Сирасини айтганда, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд вилояти кенгаши вилоятимизда кластер тизимини кенг жорий этилиши, тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига кўмакчи бўлиш орқали аграр соҳани янада ривожлантириш ва диверсификация қилишга, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантиришда уларга кўмакчи бўлади.

Шомирза Сафаров,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари.

http://zarnews.uz/post/klaster-mahsulot-etishtiruvchi-va-uni-qayta-ishlovchilar-manfaatlarining-mushtarakligi-taminlanadi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram