Кластер – ердан юқори даромад олишнинг замонавий шакли
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган ҳар бир Мурожаатномасида камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил, бу қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш эканлиги алоҳида таъкидлаб келинмоқда.
Бу борада ҳар гектар ердан олинаётган ўртача 2 минг доллар даромадни камида 5 минг долларгача етказиш учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган биотехнологиялар, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этиш лозимлиги асосий механизм эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Аммо бугунги кунда бу ишларни тизимли йўлга қўйишда айрим муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, ўтказилган таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш учун ер майдонларидан фойдаланишда юзага келаётган асосий муаммолар сифатида қуйидагилар учрамоқда:
– замонавий, энг илғор технологияларни жорий қилишда халқаро тажрибани ўрганиш ва олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўрсаткичларининг пастлиги;
– қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қиймат яратиш учун маҳсулот етиштиришдан чуқур қайта ишланган, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларининг тўлиқ қамраб олинмаганлиги;
– юқори ҳосил берувчи навларни яратиш ва уруғчилик йўналишларида маҳсулот етиштирувчилар билан ҳамкорликдаги узилишлар;
– молиявий ресурсларнинг етишмаслиги ва шу каби муаммолар.
Албатта, бу масалаларни ҳал этиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига олимларнинг тавсиялари, ўтказилаётган кўргазмалар, тижорат банклари кредитлари сезиларли самара бериши билан бирга кутилган натижаларга эришиш кечикмоқда.
Бунинг учун тезкорлик билан қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш шаклларини замонавийлаштириш ва диверсификация қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Ерлардан фойдаланиш тизимидаги анъанавий фермерлик, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари тизими қаторида агросаноат кооперациялари ҳамда кластерлар тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Қолаверса, сўнгги йилларда кластерларнинг эришаётган натижалари бу соҳада қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва кенг имкониятларни яратиш заруратини юзага келтирмоқда. Жумладан, пахта тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосилдорлигини оширишга қаратилган ишлар натижасида, ҳосилдорлик гектарига ўрта 3,5 центнерга кўпайган. Баъзи вилоятларда (Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари) бу кўрсаткич 6-9 центнердан ошган.
Сув тежовчи технологиялар жами пахта далаларининг 32,5 минг гектарига жорий этилган бўлса, шундан 21 минг гектари кластерлар ҳисобига тўғри келади.
Биргина, 2020 йилда кластерлар томонидан 18,2 минг гектар майдонларда томчилаб суғориш ва 2,4 минг гектарда пульсар усулда суғориш технологиялари ўрнатилган.
Шу билан бирга, кластерлар томонидан 3,6 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни фойдаланишга киритилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундан ташқари, кластерлар томонидан яратилаётган барқарор ва расмий иш ўринлари ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, даромадларини оширишга қаратилган натижавий кўрсаткич сифатида ҳам баҳоланади.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга, мазкур соҳадаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар кўзлаган мақсадларимизга эришишга тўсқинлик қилаётганини ҳам очиқ айтишимиз керак.
Мақсадимиз эзгу экан, барча ишларимизни мавжуд қонун талаблари доирасида амалга оширсак ва тарғибот, тушунтириш ишларини тўғри ташкил қилсак, албатта, иқтисодиётимиз ҳам, аҳолимизнинг ижтимоий-маиший шароитлари ҳам юксалади. Шу боис кластерлар бўйича ижтимоий тармоқларда чуқур таҳлилларга асосланмаган, билдирилаётган турли хил танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган асосий вазифа, кластерлар фаолиятини ривожлантириш учун адолат меъзонларига асосланган қонунларни қабул қилиш ва уни амалиётга тадбиқ қилиш давр талабидир.
Бунда кластерларга ер участкаларини бириктириш, фермерлар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар, инвестиция киритиш, иш ўринларини яратиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экспорт, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш жараёнларини қамраб олиш ва бошқа жараёнларни тартибга солувчи адолатли ва қатъий талаблар белгиланиши лозим.
Бахтиёр Рухитдинов,
ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлими мудири
https://daryo.uz/k/2021/02/10/klaster-yerdan-yuqori-daromad-olishning-zamonaviy-shakli/