Кластерлар пахта, ғалла, кунгабоқар етиштириш ва қайта ишлашда фаол

Мамлакатимизда кластер янги соҳа сифатида кириб келган бўлса-да, қисқа давр ичида фермер хўжаликларининг энг яқин шерикларига айланди.

Айниқса, кластер усулида пахта етиштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кластер амалиёти пахтани хомашё сифатида эмас, маҳсулотни қайта ишлаш, тайёр, ярим тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариш имкониятини бермоқда.

– Андижон вилоятида ҳам кластер тизимига ўтиш ҳосилдорликни оширишда қўл келмоқда, – дейди Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фарҳод Набижонов. – Жумладан, пахта кластерларига 2020 йилда 13,5 минг гектар пахта майдони бириктириб берилди. Ундан 50,3 минг тоннадан зиёд пахта йиғиштириб олинди.

Жорий йилда пахтачиликда янада юқори натижаларга эришиш учун вилоятда қарийб 79 минг гектар майдонга чигит экиб, 270 минг тоннага яқин пахта хомашёси йиғиштириб олиш режалаштирилмоқда.

Кластерлар амалга ошираётган ишларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, кластер корхоналари пахта етиштиришнинг вегетация даврида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб бериш, янги замонавий техникалар сотиб олиш, соҳага илмий-инновацион ғоялар олиб кириш билан ютуқларга эришмоқда.

Пахта майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳам бу борада муҳим омиллардан бири саналади. Мисол учун, Қўрғонтепа туманидаги «Хантекс гроуп» МЧЖ кластер корхонаси Исроил давлатининг «Нетафин» компанияси билан 81 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилди. 2021 йилда яна 3 минг гектарда суғориш технологияси татбиқ этилади. Қайд этиш керакки, сув тежаш борасидаги тадбирлар давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. 2020 йилда пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун Давлат бюджетидан 6,1 миллиард сўм субсидия ажратилгани бунинг ёрқин далилидир.

Шунингдек, кластерлар ғаллачилик йўналишида ҳам изланишлар олиб бормоқда. Мисол учун, Қўрғонтепа туманидаги “Khantex Group” пахтачилик-тўқимачилик кластери Краснодар ғаллачилик маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйди. 2020 йил учун ўнлаб юқори ҳосилли навлар олиб келиниб, вилоятга мос бўлган навлар танлаб олинди. 120 тонна сара уруғлик олиб келиниб, 3 минг 500 тонна уруғлик етиштирилди.

2021 йил ҳосили учун 3000 гектар майдонга кунгабоқар уруғлиги ҳам олиб келинмоқда. Франциянинг «ЭНEРЖИ СEЕД» илмий компанияси билан кунгабоқар ва маккажўхорининг гибрид уруғларини вилоятда етиштириш йўлга қўйилади. Америка, Германия, Исроил, Франция, Россиянинг нуфузли илмий компаниялари билан ҳамкорлик ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилда Балиқчи туманидаги «Тетратекс», Олтинкўл туманидаги «Сайёра фаввораси плюс», Хўжаобод ва Булоқбоши туманларида фаолият юритаётган «Хўжаобод Файз-М» кластерлари томонидан пахтачилик-ғаллачилик йўналишида Инновацион илмий-амалий ишлаб чиқариш маркази ташкил этилади.

Кластерлар билан илмий-тадқиқот институтлари ҳамкорлиги ҳам самарали йўлга қўйилган. Улар ғўзанинг янги навларини синаш бўйича ишлар олиб бормоқда. Мисол учун, Шаҳрихон туманидаги «Саховат текс» Пахта селекцияси уруғчилиги етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Андижон тажриба станцияси билан ҳамкорликда ғўзанинг янги «ЎзПИТИ-202» навини тажрибадан ўтказмоқда.

«Хўжаобод Файз-М» кластер корхонаси тез кунларда уруғлик чигит тайёрлаш цехини ишга туширади. Кластер корхоналари вилоятдаги пахта тозалаш корхоналарини сотиб олиб, реконструкция ишларини амалга оширмоқда. Бу каби мисолларни ҳар бир кластер фаолиятидан келтириш мумкин.

https://www.uza.uz/uz/posts/klasterlar-paxta-galla-kungaboqar-etishtirish-va-qayta-ishlashda-faol_240040

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram