Янгиқўрғонда картошкачилик кластери суперэлита нави уруғларини етиштиради
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тараққиётида Янгиқўрғон тумани миришкорларининг ҳам муносиб ўрни бор. Янгиқўрғон азалдан мева-сабзавотлари билан юртимизда ном таратган.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбариятининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда туманнинг мева-сабзавотчилик йўналишидаги салоҳиятини тиклаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Берилган имкониятлардан унумли фойдаланган туман фермер ва деҳқонлари соҳага инновацион, самарали усулларни жорий этиш орқали юқори маҳсулдорликка эришиш йўлида изланмоқдалар.
Туманнинг “Туркистон садоқат бахт-иқболи” агрофирмасидаги “Оқсув саховат ҳосили” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Ашуров ана шундай соҳанинг изланувчан фидойиларидан деса бўлади.
Юртимизда сўнгги йиллар хориждан, асосан Голландия давлатидан валюта нархида олиб келинаётган картошка уруғларини ўзимизда етиштириш ташаббуси ўртага ташланганда А. Ашуров ҳам хориждан келтириладиган картошка уруғи ўрнини босувчи уруғчиликка асосланган тажриба хўжалиги ташкиллашга киришди.
У фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонида “Картошка уруғчилиги маркази” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйди. Ўтган йил аввалида бошланган бу ташаббусдан мақсад картошканинг маҳаллий суперэлита нави уруғини етиштириш эди. Ташаббускорнинг ўз маблағлари ва Агробанкнинг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида фермер 20 гектар ер майдонини 30 сотихдан ишчиларга бўлиб берди ва ҳар бир майдонда турли хил картошка навлари уруғини етиштириш тажриба участкалари ҳосил қилинди.
Дастлабки уринишдаги натижалар ёмон эмас, 20 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 38 млн сўмдан соф фойда олинди.
Лойиҳанинг кейинги босқичида А. Ашуров уруғчилик маркази негизида картошкачилик кластери ташкиллашга киришди. Шу тариқа, ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини кластерга жамлаши натижасида картошка уруғчилигига асосланган хўжалик ер майдони 143 гектарга етказилди.
Кластерда алоҳида томорқа ерларига хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилдики, натижада кластерда жами иш ўринлари сони 424тага етказилди. Бунда 150та доимий ва 274та мавсумий иш ўринлари яратилди.
Эътиборлиси, кластерга бириктирилган аҳоли томорқалари ҳисобига туманнинг Оқсув-Ғовазон, Ғовазон, Боғистон ва Янги Боғистон маҳаллалари ҳудудидаги 116 нафар ишсиз ва 34 нафар кам таъминланган аҳоли иш билан таъминланди. “Картошка уруғчилиги маркази” кластерга бириккан фермер хўжаликлари ва томорқа ерларига уруғлик ва минерал ўғитлар етказиб беради ва шу асосда етиштирилган жами картошка уруғлари “Картошка уруғчилик маркази” МЧЖ орқали истеъмолчиларга етказиб берилади.
– Республика Фермерлар кенгаши раиси ҳамда партиямиз ижроия қўмитаси раиси Ахтам Ҳайитов ўтган йил ҳудудимизга ташрифи чоғида марказимиз фаолияти билан танишиб, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бердилар. Фаолиятимизга оқ йўл тиладилар. Мақсадимиз юртимиз деҳқонларига хориждан қиммат нархда олиб келинадиган картошка уруғлари ўрнига маҳаллий маҳсулдор уруғлик етказиб бериш, – дейди Алишер Ашуров.
А. Ашуровнинг режалари улкан. У кластерида етиштирилган картошка уруғларини бутун Фарғона водийси деҳқонларига етказиб беришни мақсад қилган.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси
Матбуот хизмати