Кластер бугунги кун фермерларнинг локомотивидир

Маълумки кейинги йилларда, юртимизда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ишлаб чиқаришнинг янги — кластерлар ва кооперативлар усуллари йўлга қўйилмоқда.

Аммо бугунги кунда кластер ва кооперативларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда — 67 фоизни, чорвачиликда — 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда — 7,5 фоизни ташкил этаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, ўтган қисқа вақтда жойларда 152 та шундай мева-сабзавотчилик кластер корхонаси ташкил этилиб, мазкур кластерлар ихтиёрида қуввати 1 млн., тонна бўлган 75 та қайта ишлаш корхонаси, сақлаш ва қуритиш бўйича 430 минг тонна қувватлар ва 1200 тага яқин замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини мавжудлиги ҳамда 40 минг гектар боғ ва 20 минг гектарга яқин токзорларнинг улар томонидан ташкил этилганлиги ҳам соҳада юритилаётган тўғри ислоҳотлардан далолатдир.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар учун кластер ва кооперативларга бириккан холда, етиштирилган хомашёни қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулот кўринишида дунё бозорлари истеъмолчиларига етказиб бериш имконини бермоқда.

Биргина 2020 йилда Республикамиздан жами 1,5 млн тонна ёки қиймати 1,1 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 60 турдан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг 65 та мамлакатга экспорт қилинишида ҳам мева-сабзавотчилик ҳамда томорқа хизмати кластерларининг ўрни беқиёсдир.

Шунга қарамасдан, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда, бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти. Қишлоқ хўжалигига хорижий инновацион тажрибаларни жорий этиш, ноанъанавий экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш натижасида келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш, давлат раҳбари томонидан айтилганидек 2023 йилга қадар бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд.

Бунинг учун қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурати туғилмоқда. Жумладан:

— «Маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш – қайта ишлаш ва экспорт» занжирини ташкил этадиган кластер ва кооперациялари тизимини кенг жорий қилиш (бу орқали мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишларни бартараф этилади);

— селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис уруғ ва кўчатларни сезиларли қисмини импорт қилишга мажбур бўлинмоқда. Бу борада эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжирни яъни, мазкур йўналишда ҳам кластер ва кооперация тизимини ташкил этиш;

— йирик экспортёр кластер ва кооперативлар сонини ошириш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозори, аниқ молиявий манбаси билан ишлайдиган тадбиркор (кластер)га бириктириш;

— ташкил этилаётган йўналишлардаги кластер ва кооперация раҳбарларини хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишларини йўлга қўйиш ва асосийси халқаро бозорни ўрганиш ва талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Бинобарин, Кенгашимиз тадбиркорларга, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари хамда томорқа ер эгаларига кўмакчи бўлиш орқали аграр соҳани янада ривожлантириш ва диверсификация қилишга, экспортбоп экинларни етиштириш, ҳосилдорлигини ошириш ва ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантиришга интилмоқда.

И.Еткиров,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томоқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси

https://xs.uz/uzkr/49904

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram