Пахтачиликда ҳосилдорлик йилига ўртача 10 фоизга ошмоқда
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратди», дея бежиз қайд этмади.
Аслида, юртимизда аграр тармоққа кластерларни кенг татбиқ этиш ўз самарасини бермоқда. Бу борада қонуний асосларнинг яратилаётгани эса таҳсинга лойиқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январь ва 28 февралдаги тегишли қарорлари бу борада дастуриламал бўлмоқда. Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги “Khantex Group” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери ана шундай тузилмалардан бири.
– 2018 йилда ташкил этилган кластер 858 гектар пахта майдонига эга, –дейди Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Одил Раҳмонов. – Унинг 81,0 гектарига замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Корхонада ерга ишлов беришда янгича ёндашув татбиқ қилиш мақсадида хориждан қарийб 400 дона юқори унумли техника сотиб олинди. Улар ғўза қатор орасига ишлов бериш, культивация қилиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш каби агротехник тадбирлар тез ва сифатли бажаришда қўл келмоқда. Яъни агротехник тадбирлар тўлиқ механизациялаштирилди. Мисол учун, чигитни юқори аниқликда экишга эришилиб, одатдаги 70-80 килограмм ўрнига 35-40 килограмм уруғлик чигит сарфланмоқда. Ана шу жараённинг ўзида ҳар гектардан 550-650 минг сўм тежалмоқда. Ёки ҳар гектарга авваллари 700-800 килограммдан минерал ўғит сарфланган бўлса, эндиликда жаҳон тажрибаси асосида 250 – 300 килограмм сарфланмоқда. Ушбу ўғитлаш усули пахта ҳосилдорлигини гектарига 40 центнергача ҳосил олиб, сарфланадиган маблағлар 30 фоизга қисқармоқда.
Ана шундай замонавий усулларнинг татбиқ этилиши ҳисобига ҳосилдорлик ошмоқда. Хусусан, ўтган йили ҳар гектардан ўртача 61,2 центнердан ҳосил олинди.
Кластер нафақат пахтачилик балки ғаллачилик йўналишида ҳам фаолият бошлади ва бунда ҳам ижобий ютуқларга эришилмоқда. 2020 йилда кластерга тегишли майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди. Бундай ҳосилдорликка эришишда эса уруғлик донни тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йили Россиядан қарийб 3 минг тонна юқори авлодли уруғлик дон олиб келинди. Шуни ҳисобидан 2021 йил ҳосили учун вилоятдаги барча фермерларга унумдор, олий навли уруғлик етказиб берилди. Бу каби инновацион ғояларни татбиқ қилишда эса кластер корхонаси қошида илмий марказ ташкил этилгани қўл келмоқда. У ерда пахтачилик, ғаллачилик, мойли ва дуккакли экинларни етиштиришда илғор технологияларни қўллаш мақсадида кенг қамровли изланишлар олиб борилмоқда.