Фермерларнинг муаммолари енгиллашмоқда
Фермерларнинг муаммолари енгиллашмоқда ва иш ўринлари кўпаймоқда – Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши
Президентимиз қишлоқ хўжалигида чуқур қайта ишлашни ва саноатни ривожлантирмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслигини ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар.
Бирламчи қайта ишлаш саноатида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ютуқларимиз кўлами кенгайиб бормоқда.
Кластерлар бугунги кунда фермерларни бириктириб, улар ўртасидаги ўзаро иқтисодий – ижтимоий муносабатларни барқарорлашиши натижасида рақобатбардошликни ривожлантирмоқда, кўпроқ қўшимча даромад олишга ва бозорда сотилишига имкониятларни кенгайтирмоқда.
Масалан, пахта толасини ўзимизда қайта ишлаб, тайёр маҳсулот шаклида жаҳон бозорига олиб чиқилиши – пахта ҳосилини етиштираётган фермерларимиз даромадни бир неча баробарга оширмоқда. Қолаверса, пахта ўсимлигидан олинадиган яна бир неча маҳсулотлар ҳам борки, буларнинг барчаси иқтисодий самарани бир неча баробарга оширди. Энг муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Кластер “ягона занжирда айланадиган тараққиёт” – деб беҳудага эътироф этилмаяпти.
Биринчидан, саноатбоп хомашё етиштирувчи жабҳа бўлиб, ерни экинга тайёрлашдан, то ҳосилни йиғиштириб олгунча бўлган жараённи ўзи ичига олмоқда.
Иккинчи, ҳосилни тола, уруғ, чигит каби маҳсулотларга айлантиришмоқда.
Учинчи, пахта хомашёсидан олинган бирламчи маҳсулотлар истеъмол учун тайёр маҳсулотга айлантирмоқда. Жумладан, толадан ип-калава ва ундан мато, тайёр кийим-кечаклар, чигитдан ўсимлик мойи, хўжалик совуни, чорва учун озуқа, фармацевтика учун керакли маҳсулотлар олинмоқда. Ғўзапоя қайта ишланиб ундан иссиқхоналар учун биогаз тайёрланмоқда.
Тўртинчи, ҳақиқий занжир юзага келмоқда. Хусусан, олинган озуқа ҳисобига чорвачилик лойиҳалари амалга оширилиб, ундан олинган маҳсулотларни қайта ишлаш орқали озиқ-овқат саноати учун гўшт-сут етиштириш, уни қайта ишлаш натижасида эса бозорларда тайёр маҳсулотларнинг турлари ошмоқда. Шунингдек, чорвачилик фермер ерларини етарли табиий ўғит билан таъминламоқда. Бундан ташқари, биогаз олиш, у орқали иссиқхона хўжалигини ривожлантириш имкони кенгаймоқда.
Бешинчи, пахта терими даврида мажбурий меҳнатга барҳам берилди.
Айниқса, сувдан оқилона фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив холатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини оширишнинг аҳамияти ҳар бир фермернинг бугунги фаолиятида яққол кўриниб турибди.
Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси ўринбосари Зойир Жумаевич Эшнаев