22 та туман шоли авлодли уруғчилик етиштиришга ихтисослаштирилади
«Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.
Фото: Getty Images
Қарор билан шоличилик кластерлари ёки шоли экишга рухсат этилган минтақаларда шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари базасида элита уруғчилик хўжаликлари ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, қарор асосида республика бўйича жами 22 та туман шоли авлодли уруғчилик етиштиришга ихтисослаштирилиб, уларда 17 452 гектар шоли майдони ташкил этилади.
2021 йил 1 июндан уруғлик шолига мувофиқлик сертификатини бериш, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилади.
Шунингдек, уруғчилик хўжаликларида навбатлаб экиш тизими йўлга қўйилади. Бунда, бир далада 2 йилдан ортиқ шоли етиштирилишига йўл қўймаслик бўйича илмий асосланган алмашлаб экиш тизими жорий қилинади.
2021 йилда жами шоли майдонларининг камида 20 фоизида кўчатлаб экиш, камида 50 фоизида лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш тизими жорий этилиб, камида 30 фоизида шоли замонавий уруғ сеялкалари орқали экилади.
2021 йил 31 декабрга қадар шоли етиштиришда шолининг замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизигача маблағ давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун шоли етиштириш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилда республика бўйича 129 минг 357 гектар майдонда шоли етиштириш назарда тутилган.
Ишлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали ҳамда Вьетнам аграр университети билан биргаликда шоличилик йўналишида қўшма факультет ташкил қилинади.