Янги лойиҳалар учун миллиардлар ажратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 27 январида қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган. Бу ҳужжатда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 413 миллиард сўм миқдоридаги маблағи тижорат банклари орқали кредитга йўналтирилиши қайд этилган.
– “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ва АТ “Халқ банки” билан биргаликда аввал ажратилган кредит маблағларининг сўндирилган қисми ҳисобидан янги лойиҳалар учун кредит маблағлари ажратилади, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Элмурод Бозоров. – Шунингдек, давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз маблағлари ҳисобидан 200 миллиард сўм ҳам ажратилади.
Шунга кўра, жорий йилнинг режаси ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, 32 туман аҳолисига камида 12 та йўналишда 58 миллиард сўм ажратилади. Кўчат тайёрлаш иссиқхонаси қуриш, агротехника воситалари харид қилиш, музлатгичли омборхона ташкил этиш, қуритиш, қадоқлаш ва саралаш ускуналарини ўрнатиш шулар сирасидандир.
Бунда 450 мингта хонадон қамраб олиниб, 16 гектарда кўчатчилик иссиқхонаси, 6 400 тонна маҳсулот сақлаш омборхонаси, 48 000 тонна томорқаларда етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари яратилади.
“Темир дафтар”га киритилган 8 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига, хотин-қизлар ва ёшларга ихчам иссиқхоналар қуриш, парранда, қуён ва асалари етказиб бериш, аҳоли томорқаларида тўқсонбости экинлари, саримсоқпиёз ва сабзавот экинлари экиш ҳамда артезиан қудуқлари қазишга 76 миллиард сўм берилади. Бунда 24 мингта хонадонга тўқсонбости экинлари, саримсоқпиёз ва сабзавот экинлари экиш, 2-3 маротаба ҳосил олиш имконияти яратилади.
Яна бир гап. 16 миллиард сўм Хитой тажрибаси асосида қишлоқ хўжалиги кооперативларининг минг гектардан ортиқ ерларини фойдаланишга киритиш орқали 350 гектар интенсив боғ ва узумзор, 650 гектардан ортиқ майдонга сабзавот, дуккакли, полиз ва бошқа экинлар экишни ташкил этишга сарфланади. Натижада 19,5 минг инсоннинг бандлиги таъминланиб, аҳоли хонадонларида ўртача 20-25 миллион сўмдан даромад олиб, томорқаларда етиштирилган 30 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилишга эришилади.
Шунингдек, 50 миллиард сўм маблағ аҳоли хонадонларида лимончилик иссиқхоналарини ташкил этишга ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бунда, 3 500 та хонадонда 70 гектар ер майдонида иссиқхоналар барпо этилиб, 77 000 дона лимон кўчатлари экилади.
Жамғарма “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ҳамда Халқ банклари орқали аввал ажратилган кредит маблағларининг сўндирилган қисми ҳисобидан йиғилган 165 миллиард сўмни янги лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратади.
Жамғарма боғлар ташкил этишда ҳам фаол иштирок этади. Мисол учун, Андижон вилоятида 120 гектар, Қашқадарё вилоятида 50 гектар, Навоий вилоятида 35 гектар, Самарқанд вилоятида 50 гектар, Фарғона вилоятида 50 гектар, Хоразм вилоятида 100 гектар ер майдонида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади. Улар “Темир дафтар”га киритилган хонадонларга кредит ва лизинг асосида берилади.
Томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар сотилишини ташкил этиш мақсадида аҳоли гавжум маҳаллаларда 5-30 тонналик музлатгичли омборхонага эга 1 минг 200 та дала дўконлари қурилади ҳамда унинг негизида агротехник тадбирларни амалга оширувчи мини томорқа хизматлари ташкил этилади.
Бу каби вазифалар ва режаларнинг амалга оширилиши туфайли ҳозирги синовли даврда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга эришилади.
Сайёра Шоева, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/yangi-loyihalar-uchun-milliardlar-azhratiladi_237285