Сув келтирган хору, кўза синдирган ким?
Бугунги кунда ижтимий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳатто шунчалик даражага етдик-ки, бир кунимизни ҳам ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қила олмаймиз. Шу ўринда бир савол туғилади: – ижтимоий тармоқлар ҳақиқий соғлом фикрлар муҳорабаси майдонига айландими?
Бу саволга бир овоздан, йўқ деб жавоб бериш мумкин.
Ижтимоий тармоқларни бугунги кунда “дивандаги таҳлилчилар” гуллатаяпти. Чунки, халқимизда ҳаётда энг осон иш – насиҳат, маслаҳат бериш, деган гап бор. Шу билан бирга бошқаларнинг хатти-ҳаракатига ҳам баҳо бериш осон. Унданам осони эса танқид қилиш.
Танқидга ҳам қўйиладиган талаблар бор, танқидчи бирон амални танқид қилаётганда жараённинг ечими бўйича ўзининг муқобил фикрини ҳам билдириши керак бўлади. Шунда танқид конструктив танқид, деб тан олинади.
Сўнгги вақтларда фейсбук ижтимоий тармоғида “Фермерлар уюшмаси номли ташкилотнинг фермерларга фойдаси тегяптими? Тегмаётган бўлса, бу ташкилотни таг-туги билан ёпиши керак!”, деган пост қўйилди.
Дастлаб ўқувчида бир савол пайдо бўлади: мазкур пост қайси ташкилотнинг фаолиятига йўналтирилган?
Ўзбекистон Республикасида “Фермерлар уюшмаси” деган ташкилот йўқ. Пост муаллифи жамиятда бунақа ташкилот бор-йўқлигини билишга ҳам интилмагани қизиқ ҳолат. Чунки, муаллиф интернетнинг чексиз имкониятлари билан жуда ҳам яхши таниш. Лекин, интернет орқали Ўзбекистонда “Фермерлар уюшмаси” деган ташкилот бор-йўқлигига қизиқмагани унинг жамоатчиликка, ўз аудиториясига бўлган ҳурматсизлигини кўрсатиб турибди. Агар муаллиф фермерларни ҳурмат қилганида, уларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган ташкилотнинг, жиллақурса, номини билишга қизиққан бўларди. Аслида, муаллифга ўзининг муаммосидан бошқа муаммолар қизиқ эмас, гўёки фермерлар манфаатини ҳимоя қилиб қўйилган “пост” – пост учун қўйилган постдир.
Ўзбекистонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатини ҳимоя қиладиган бир ташкилот бор. Бу Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши.
Ушбу Кенгаш ўз ваколати доирасида ташкилот ўз аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда. Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қуруқ гапирмасдан аниқ фактларга мурожаат қиламиз.
Ўтган 2020 йил давомида фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларнинг фойдасини кўзлаб судларга 4 857 та даъво аризалари киритди. Судларга киритилган аризалардан 3 868 таси қаноатлантирилиб, 340,9 млрд сўмини ундириш бўйича суд қарорлари қабул қилиниб, 316,5 млрд сўм маблағ фермер хўжаликлари фойдасига ундириб берилди. Хизмат кўрсатувчи қарздор ташкилотларга Кенгаш томонидан 10 873 та талабнома киритилиб, фермер хўжаликлари ҳисобига 153,1 млрд сўм маблағ ундириб берилди. Муаллиф бу фермерларнинг биронтаси билан учрашиб, дардини тинглаб гаплашдимикин? Йўқ. Чунки, бу фермерларнинг фейсбукка киришга вақти йўқ. Улар бу мазмундаги постлардан ҳам бехабар. Сабаби, улар ватандошларимизнинг дастурхонини обод қилиш йўлидаги фойдали ташвишлар билан банд.
Ўтган йилги пандемия ҳар бир давлатнинг олдига ўз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада яққолроқ кун тартибига келтириб қўйди. Биз ҳар куни ОАВ орқали дунёдаги 800 миллион аҳолига очлик хавф солаётгани тўғрисида ўқимоқдамиз ёки эшитмоқдамиз. Шукрлар бўлсинким, бизда бунақа муаммолар йўқ, деб ўзимизни овутамиз. Бундай шукроналик замирида ҳам кимларнингдир меҳнат бор эканлигини тасаввур қилмаймиз ёки бундай тасаввур қилишни хоҳламаймиз. Бундай тўкин-сочинлик ўз-ўзидан амалга ошаётгани йўқ. Кенгаш ходимлари, кези келганда уйма-уй юриб одамларни ўз томорқасига экин экишга ундамоқда. Буларнинг барчаси шундай тўкин-сочинликни юзага келтириш йўлидаги саъй-ҳаракат экани ҳақида эса фикр юритгимиз келмайди. Юмшоқ диванда ётволиб, “фалон ташкилот ишламаяпти”, деган фикр бериб қўяверамиз.
Кенгаш деҳқон хўжаликлари ва томорқаларда экишни ташкил этиш бўйича 2020 йил баҳорида 4,5 млн тадан ортиқ аҳоли томорқаларида 306,1 минг гектарга эртаки экинлар, 228,7 минг гектар майдонга такрорий (ўртаки) экинлар, 162,6 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилишини таъминлади. Натижада 10,1 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Бунча ҳосилнинг етиштирилишида Кенгаш ходимларининг ҳам ҳиссаси борлиги “дивандаги таҳлилчиларнинг” эътиборига сазовор бўладиган воқелик эмас. Чунки, улар ижтимоий тармоқларда пост қўйишдек “ўта муҳим глобал муаммолар” билан банд бўлишади.
Шу билан бирга, кам таъминланган 693,8 минг та хонадонга 62,2 минг та салоҳиятли фермер хўжаликлари бириктирилди. Улар томонидан 53,4 минг гектар ер экин экишга тайёрлаб берилди, 50,5 минг гектар томорқа ерларига экинлар эктирилди, томорқа ер эгаларига 171,3 минг кг уруғлик, 1,3 млн дона мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди. Ижтимоий тармоқлардаги “дивандаги таҳлилчилар” бу ишларни кўрмайдилар ёки кўрсалар ҳам кўрмаганга оладилар. Чунки, уларнинг бунақа “майда-чуйда” иш билан шуғулланишга вақти бўлмайди.
Ёзилганлардан мақсад бировга ҳисобот бериш эмас. Шунинг учун бу ерда барча рақамларни келтириб, ўқувчининг қимматли вақтини олиш ниятимиз йўқ. Лекин, сарлавҳада келтирилган мақолга мисол келтириб ўтмасак адолатдан бўлмас.
Ўтган 2020 йил давомида Кенгаш ташаббуси билан республика бўйича 69 татумандаги 87 та МФЙларида жами 1 217 та, шундан 168 та катта ҳажмдаги ва 1 049 такичик ҳажмдаги артезиан қудуқлари қазилган ва республика бўйича 2 706 тахонадоннинг 1168,1 гектартоморқа ер майдони сув билан таъминланиб, томорқадан икки-уч марта ҳосил олиш, маҳсулот етиштириш орқали даромадга эга бўлиш имконияти яратилди. Бундан кўриниб турибдики, сув келтирган киму, кўза синдирган ким…
Хулоса қилиш эса, ҳурматли ўқувчи ихтиёрига ҳавола.
Зеро, азим дарё сокин оқади…
А.Сайфиддинова
https://human.uz/site/inner/9662