Томорқачилик ривожланиши таъминланади
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ҳам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасига бағишланган видеоанжуман ўтказилди.
Тадбирда аграр тизимда бажарилиши шарт бўлган келажакдаги вазифалар аниқ белгилаб олинди.
– Жойларда артезиан қудуқлари барпо этишнинг манзилли дастурларига кўра, ҳудудларда қудуқлар ишга туширилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимов. – Шунингдек, 133 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологиялар ўрнатилди. Жорий йилда қудуқлар ва сув тежайдиган технологиялар сонини янада ошириш мўлжалланмоқда.
– Юртбошимизнинг Мурожаатномасини чекка ҳудудларида яшовчи оддий аҳолидан тортиб, масъул лавозимда меҳнат қилаётган раҳбар ходимларгача диққат билан тинглади, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Ҳусан Ғиёсов. – Айниқса, Мурожаатноманинг кутилмаган фикрларга бой бўлгани, хусусан, камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишга қаратилганидир.
Давлатимиз раҳбари 2021 йилда барча ҳудудларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари яратиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу марказларда 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ерларнинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғларни танлаш ва бошқа хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади.
– Бу йилдан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ернинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этишга илк бор 600 миллион доллардан зиёд кредит ва грант маблағлари жалб қилинади, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Вафо Латипов.– Бу ҳам жорий йилда фермер-у томорқачиларимиз янада кўпроқ меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштириши учун яратиладиган имтиёзлардан биридир.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида жорий йилда қатор туманларда ҳамда барча ҳудудлардаги 1639 та маҳалла фуқаролар йиғини хонадонларини муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштириш, икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилади.
С.Шоева, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilik-rivozhlanishi-taminlanadi_236465