Мурожаатнома бизга янги имкониятлар бериши шубҳасиз

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг мамлакат Парламентига йўллаган Мурожаатномаси бошқа соҳа вакиллари қаторида миришкор деҳқон, фермерлар, томорқа ер эгалари ва чорвадорларни беҳад мамнун этди.

–Мурожаатномада халқимиз манфаати, оилалар фаровонлиги, халқимизнинг бахтли яшашига қаратилган энг улуғ мақсадлар мужассам, –дейди Денов тумандаги «Лочин» фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев. – Ҳар йилги каби бу йил бу маърузани интиқ бўлиб кутдик. Унда биз каби, моддий неъмат яратувчиларига янада кўпроқ рағбат, эътибор берилди, десам асло муболаға бўлмайди. Бу эса бизнинг кучимизга куч қўшиб, кўтаринкилик бахш этди.

Аждодларимиз азалдан ердан фойдаланиш, экин-текин етиштиришда ўзига хос тажрибага эга. Шунга мос равишда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий эътибор юксак самара бермоқда. Айни вақтда биз пахтачилик, ғаллачиликдан ташқари иссиқхона шароитида деҳқончилик қилиш борасида ҳам илғор тажрибаларни ўзлаштириб, мўл-кўл ҳосил етиштирмоқдамиз. Шунингдек, йил номига қарайдиган бўлсак, бизда кўплаб ёшлар бандлиги таъминланган. Келаётган йилда ҳам бу анъанани ўзгартирмаган ҳолда гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналаримизга замонавий технологияларни ўзлаштира оладиган ёшларни таклиф қиламиз.

Ўйлаб кўрсам, 1992 йилда ишга тушган гўшт ва сутни қайта ишлаш цехларимиздаги ускуналарни янги, унумдорлари билан алмаштириш вақти бўлиб қолибди. Биргина мисол айтадиган бўлсак, пандемия бўлишига қарамай маҳсулдорликни ошириш мақсадида Украинадан 100 қорамол олиб келдик. У билан фермадаги зотдор чорва сони 650 та бўлди. Баҳорга қадар Германиядан яна 100 қорамол олиб келмоқчимиз. Наслли чорва ҳисобига сут ҳажми ошади. Агар ҳозир бир ярим минг тонна сут қайта ишланаётган бўлса, 2021 йилнинг ёзида сут ҳажми 2-2,5 тонна бўлиши кутилмоқда. Бу эса албатта, янги технологияларни жорий этишни талаб этади.

Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, бу йил пандемия шароитида катта синовдан ўтдик. Ишчиларимиз орасида коронавирус билан касалланганлар бўлди. Шунга қарамай пахтанинг гектаридан 40 центнердан, ғалладан 70 центнердан ҳосилдорликка эришдик.

Айни вақтда фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида 3 гектарда иссиқхона ва 200 тонналик музлатгич қуришни бошладик. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат Парламентига йўллаган мурожаатномаси бизга бу борада янги имкониятлар бериши шубҳасиз.

ЎзА мухбири Сайёра ШОЕВА ёзиб олди

https://uza.uz/uz/posts/murozhaatnoma-bizga-yangi-imkoniyatlar-berishi-shubhasiz_198890

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram