Мукофот муборак
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз мукофотланганди.
Улар орасида “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги-кластери раҳбари Каримов Хуснитдин Муминович ҳам бор. Халқимиз фаровонлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, қишлоқ хўжалик, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни ривожлантириш мақсадида олиб борган ишлари учун Президентимизнинг 2020 йил 28 августдаги Фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан такдирланган эди.
Андижон вилояти Асака туманидаги “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, 2017 йилда тўла кластер тизимига ўтган. Фермер хўжалигида айни вақтда 80 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Тумандаги фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланиб, экспортга йўналтирилади.
– Фермер хўжалигимиз қошидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш корхонамиз айни вақтда тумандаги 90 фоиз фермер хўжаликлари билан шартнома имзолаган, – дейди Хусниддин Каримов.
– Биз карам, бодринг, булғор қалампири, помидор маҳсулотларини қабул қилиш ишларини жадал олиб бормоқдамиз. Айни пандемия даврида корхонамизда карантин қоидаларига тўла амал қилинмоқда. Тадбиркорларга яратиб берилган имтиёзлардан кенг фойдаланмоқдамиз.
Қайд этиш керакки, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонда иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар.
“Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги кластери раҳбари Каримов Хуснитдин Муминовични улкан мукофот билан яна бир бор табриклаймиз.