Фермер шижоати

Ўрта чирчиқ туманида фермерчилик харакатини самарали ривожлантиришга хамда мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ўзининг муносиб улушини қўшаетган фермерлар талайгина. Шулардан бири  туманнинг Юқори Овул МФЙ худудида фаолиятини олиб бораётган  “Достонбек Азизбек агро” фермер хўжалигидир. 

1997 йилда ташкил топган хўжалик дастлаб 30 гектар майдонда  дехқончиликни бошлаган бўлса,  бугунга келиб экин майдонлари 177 гектарга етказилди. Ўтган 20 йил давомида хўжаликда пахта ва ғалла  етиштиришда анчагина тажриба тўплади, соҳанинг барча икир чикирлари ва дехқончиликнинг сир асрорларини эгаллашга муваффақ бўлинди. Жорий қишлоқ хўжалик йилида хўжалик аъзолари 62 гектар майдонда юқори сифатли “Наманган-77” тезпишар навини етиштирдилар. 

Бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилганлари боис, хосилдорлик юқори бўлди, гектардан 35 центнердан пахта йигиштириб олдилар ва жами
210 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олишга эришдилар. Хўжалик аъзолари ушбу йилда 97 гектар майдонга буғдойнинг энг сўнгги  навларидан хисобланадиган “Гром” ва “Васса” каби янги туридан экиб, парваришладилар. Ғалланинг бу серҳосил навлари қир адирлик жойларга экилганига қарамай, махаллий ва минерал ўғитни ўз вақтида, оби тобида, меҳр бериб парваришлангани натижасида  ҳар гектардан мўлжалдагидан хам кўп, 85 центнердан  сара буғдой хосилини олишга эришдилар. Миришкорлар  жами бўлиб 280 тонна хосилини ўриб йиғиб олишни уддаладилар. Бундай мехнат муваффақиятга  эришилганлигининг яна бир сири дехқонлар буғдойни парваришлаш давомида қишлоқ хўжалигида  қўлланилаётган мухим усуллардан бири  ўсимликни баргидан озиқлантириш, яъни суспензия усулидан унумли фойдаланганлиги  бўлди. Шуни таъкидлаш ўринлики, хўжаликда йилдан йилга янги технологик усулларни қўллашга алохида эътибор билан ёндашилмоқда. 

Жумладан, 25 гектар майдонга жорий йилда экинни томчилатиб суғориш усулига етказилди. Мамлакатимиз  қишлоқ хўжалигида йилдан йилга тез оммалашиб бораётган  томчилатиб сугориш усулидан хосил етиштириш учун Агробанкнинг  туман филиалидан 500  миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Фермер хўжалигида ҳозирги кунда 10 дан ортиқ янги, замонавий техникалар мавжуд бўлиб, иш жараёнида техника етишмовчилигига дуч келингани йўқ. Аксинча, қўшни хўжаликларга бу борада ўзаро ёрдам берилмоқда. Ўтган йиллар давомида кўп тармоқлига айлантирилган хўжаликда  айни пайтда  30 дан ортиқ наслли қорамол меҳр билан парваришланмоқда. Шунингдек, 100 бошга яқин қўй, ўн бош йилқи хам боқилмоқда. Мазкур чорва хайвонлари учун 5 гектар майдонда турли зарур озуқа экинлари етиштирилмоқда. Хўжалик аъзолари қишлоқ хўжалигининг яна бир мухим тармоги бўлган пиллачиликда хам бу йили самарали меҳнат қилдилар. Аъзолар билан хамжихатликда Хитой давлатдан  келтирилган
11 қути ипак қурти парваришланди. Алохида меҳрни талаба этувчи бу ипак қуртидан жами бўлиб 570 килограмм юқори сифати кумуш тола олинди. Кўзланган даражадаги хосил етиштиришда ишловчиларни муносиб ва ўз вақтида рағбатлантириш хам мухим омил бўлди, десак янглишмаймиз. Шунигдек, хўжалик аъзолари паррандачилик ва асаларичилик йўналишларида хам унумли мехнат қилмоқдалар. 

Фермер хўжалиги раҳбари Комила Жуманазарова асли касби педагог бўлсада, қишлоқда меҳнат қилиб вояга етгани боис ва энг муҳими, мехнатсеварлиги туфайли шу сохага  борини беришга қарор қилади. Ўтган йили бу тиниб тинчимас аёл  яна бир мухим ишга қўл урди. Фермер хўжалиги қошида кичик 5-7  ёшли болажонларни мактабга тайёрлашга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этди. Замонавий, энг юксак талабларларга мос бўлган ушбу ўқув марказида Юқори Овул  махалласида  яшовчи ахолининг жажжи  фарзандлари илк таълим сирларини ўрганмоқдалар. Бу ерда тарбияланувчиларга рус ва инглиз тили, шунингдек, лотин алифбоси ўргатилмоқда. 

Жорий йилда ушбу ўқув марказини дастлабки 25  нафар жажжи ўғил ва қизлар битиришиб, мактабга йўлланма олдилар. Аҳамиятли жихати шундаки, кичкинтойларни мактабга тайерлашга мўлжалланган бундай ўқув маркази  вилоятда ягона хисобланади. Хозирги кунда “Достонбек Азизбек Агро” фермер хўжалиги  қошида мактабгача таълим муассасаси очилган бўлиб, у ерда 40 нафар болажон таълим-тарбия олмоқдалар.

Бугунги кунда тажрибали фермерга айланган Комила опанинг фарзандлари хам  ўзидек ўқимишли бўлиб етишди. Ўғли пойтахтдаги техника университетида тахсил олмоқда, қизи эса Педиатрия олийгохида  болалар шифокори бўлиш ниятида илм сирларини ўрганмоқда. Фермер хўжалигида белгиланган режалар хар йили бажариб келинмоқда. Шу сабабли, хўжалик раҳбари Комила Жуманазарова 2019 йилда “Илғор  фермер”  кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, ўтган йили вилоят бўйича ўтказилган йилнинг “Энг яхши фермер аёл“и номинациясида совриндор бўлишга эришди. Шуни айтиш ўринлики, ғайратли фермер Комила Жуманазарова туманида ташкил этилган  – “Томорқа хизмати” МЧЖни раҳбари хисобланади. Ушбу корхона туман ахолисини томорқалари учун энг зарур қишлоқ хўжалик экинларининг уруг ва кўчаларини етиштириб беришга  ихтисослашган. Яратилган бундай қулайликдан туман ахолиси вакиллари миннатдор бўлишмоқда. Айниқса, кам таъминланган оилаларнинг томорқалари учун  кўчатлар бепул тарқатилаётгани айни муддао бўлаетир.

Вафо Латипов

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram