Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар жадал бормоқда
Қашқадарё халқи ўзининг меҳнаткашлиги, бағрикенглиги, барча соҳада илғорлиги билан ажралиб туради.
Жорий йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, айниқса, сабзавот ва полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмагида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 857 гектар майдонда картошка, 4,1 минг гектарда сабзавот,1,8 минг гектарда полиз, 8,2 минг гектарда бошқа экинлар экилди. 5,2 минг гектарда августь-сентябрь пиёзи ва саримсоқпиёз етиштирилди. Аҳоли томорқасидан жами 1,2 миллион тонна маҳсулот олинди, уларнинг 169,5 минг тоннасини сабзавот, 12,2 минг тоннасини дуккакли экинлар, 206,1 минг тоннасини полиз маҳсулотлари, 102,3 минг тоннасини картошка, 42,9 минг тоннасини кўкат ва зираворлар ташкил этади.
Шунингдек, жорий йил октябрь-декабрь ойларида жами 8,8 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари жойлаштириш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган. 2020 йил 10 ноябрь ҳолатига кўра, жами 3,5 минг гектарга тўқсонбости экинлари экилган.
Бундан ташқари, “Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида жорий йил охиригача 284 та маҳалла хонадонлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилди ва икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилди.
Шаҳрисабз туманидаги “Оқдарё”, “Қутчи”, “Духчи”, “Боғишамол”, Қамаши туманидаги “Сарбозор”, “Қуйи Янги”, “Ғиштли”, “Қамай”, Касби туманидаги “Хўжақарлиқ”, “Шакаржўй”, “Муғлон”, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида экин майдонларидан икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилган.
Масалан, Қамаши туманидаги “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Тўхта Очилов 20 сотих томорқасидан уч марта ҳосил олишни йўлга қўйган бўлиб, 5 сотих иссиқхонасида лимон етиштириш орқали йилига 20 миллион сўм даромад олади. Шунингдек, лимон орасига кўкат етиштириш орқали 8-10 миллион сўм ҳамда эрта баҳорги сабзавот экинларидан 20 миллион сўм, жами 48-50 миллион сўм фойда кўрмоқда. Шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Абдуманнон Худойбердиевнинг 12 сотих томорқаси мавжуд бўлиб, бир йилда жами 42 миллион сўм даромад олмоқда.
Чироқчи тумани “Кўкдала” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Зафар Расулов 25 сотих томорқасида тарвуз етиштириб, 35-40 миллион, фуқаро Олим Улашов 28 сотих томорқасидан 40-45 миллион, фуқаро Фахриддин Ҳайдаров 32 сотих томорқасидан 55 миллион сўм даромад олмоқда.
Қамаши тумани Чим маҳалласида яшовчи фуқаро Қурбон Чориев 12 сотих томорқасида уч марта ҳосил олишни йўлга қўйган бўлиб, 5 сотих иссиқхонасида помидор етиштириб, йилига 15 миллион сўм, эрта баҳорги сабзавот экинларидан 25 миллион сўм, жами бир йилда 40 миллион сўм даромад кўрмоқда. Жўра Эрдонов ҳам 16 сотих томорқасида уч марта ҳосил олишни йўлга қўйган, йил давомида 50 миллион сўм даромад топмоқда.
Бундай ҳалол меҳнат орқасидан оила тебратаётган юртдошларимизнинг сафи кенгаймоқда.
Айтиш жоизки, вилоятда камбағалликни қисқартириш мақсадида ҳам бир қатор чоралар кўрилди. Жумладан, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 116,7 гектар ерда 24 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилиб, 1,2 минг нафар ишсиз банд қилинди. Дастлабки ҳисобга кўра, 20 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулоти етиштирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ғалладан бўшаган майдонларнинг 3,1 минг гектари 8,5 минг камбағал оила, ишсиз ёшларга ажратилди, уларга фермерлар ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди.
Аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилиб, 256 гектар томорқа экишга тайёрланди. Хонадонларга 583,2 минг туп мевали дарахт кўчати, бундан ташқари чорва, парранда, қуён, асалари уялари етказиб берилди. Сув таъминоти оғир бўлган қишлоқ ва овулларда 369 та артезиан қудуғи қазилиб, жамғарма маблағлари ҳисобидан 3,1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Кўрилган чоралар натижасида 6,1 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг 371 гектар томорқа майдонларида икки марта ҳосил олиш имконияти яратилди.
Жорий йилда вилоятдаги тўртта томорқа хизмати корхоналари томонидан 3,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. Жумладан, Шаҳрисабз туманидаги “Кўҳна воҳа томорқа хизмати” МЧЖ корхонаси 172 минг АҚШ долларлик олма ва пиёз маҳсулотларини, Қамаши туманидаги “Қамаши томорқа хизмати” МЧЖ корхонаси 640 минг АҚШ долларлик қовун ва тарвуз маҳсулотларини, Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз томорқа хизмати” корхонаси томонидан 1360 минг АҚШ долларлик мош, майиз, хурмо, кунжут, нўхат, фасол, узум маҳсулотлари, “Шаҳрисабз шаҳар томорқа хизмати” МЧЖ корхонаси томонидан 450 минг АҚШ долларлик мош, майиз, хурмо, кунжут, нўхат, фасол, узум маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон давлатларига экспорт қилинган.
Томорқаларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳолига арзон нархларда, яъни “Даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериш мақсадида 100 тага яқин енгил конструкцияли дала дўкони ва кичик сиғимли музлаткичли омборлар қуриб битказилди. Ҳозир ушбу мақсадлар учун кенгаш ҳузуридаги жамғарма томонидан лойиҳа ташаббускорларига 2,7 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиб, йил якунига қадар яна 660 миллион сўм кредит маблағи берилиши кўзда тутилган.
Аҳоли томорқаларида экинлар экиш ва маҳсулот етиштиришни икки баробарга кўпайтириш, ушбу мақсадда ноябрь-декабрь ойларида 8,8 минг гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилишини ташкил этиш ҳамда сув таъминоти оғир бўлган 2 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида артезиан қудуқлари қазилиши учун Фермерлар кенгаши ҳузуридаги жамғармадан зарур маблағ ажратилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 25 декабрига қадар Касби туманидаги «Касби томорқа хизмати» МЧЖ ва Қарши туманидаги “Бишкент томорқа хизмати” МЧЖ негизида томорқачилик кластерлари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда “Даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериш мақсадида аҳоли гавжум маҳаллаларда енгил конструкцияли “Дала дўконлари” ва кичик ҳажмдаги музлаткич омборлар қурилмоқда.
Мўл ҳосил етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Вилоятда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмагида қишлоқ хўжалигига замонавий агротехника воситаларини жорий этиш юзасидан ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бу эса меҳнат унумдорлигини ошишига, энг муҳими, фуқароларимизнинг ўз фаолиятидан рози бўлишига замин яратади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини вилоятда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиб боришини таъминлайди.
З.Алламуродов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.