Фермерлар қонун ҳимоясида

Ижтимоий тармоқларда Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитованинг соя етиштириш ва уни йиғиб олишда сусткашлик қилаётган фермерларга нисбатан қўпол муомаласи кенг муҳокама қилинмоқда.
Туман ҳокими фермерлар билан соя топшириш бўйича ҳеч қандай шартнома қилинмаган бўлсада, муҳокамалар жараёнида соя етиштириш билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга 5 тоннадан соя топширмаса, ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. Фермерларни “мараз”, “ифлос” деган сўзлар билан ҳақоратлаган.
Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова йиғилишда ёзиб олинган аудиоёзув бўйича изоҳ бериб, қуюшқондан чиқишида фермерларни айблаган. “Соя экиш бўйича режалар бор, лекин фермерлар пахта ичидаги сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашган, холбуки, соя ҳосилини териб олиш керак эди. Корчёвка билан чиқариб ташлаб, бугунги кунда соя йўқ деб ер чизиб туришибди. Энди ғўзанинг ичидаги соя тоннасини қаердан чиқаришади? Уларга сояни йўқотиб юборманглар дейилган, лекин юлиб ташлашган экан», деб Садбархон Мамитова Kun.uz мухбирига изоҳ берган.
Андижон вилояти ҳокимлиги Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитованинг ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда фермерларга нисбатан қилган қўполлиги ва ҳақоратини муҳокама қилиб, ҳокимга «огоҳлантириш» берган.
Ҳамма қатори бизни ҳам қизиқтирган яна бир ҳолат бор. Яъни “Шодмонов” номли массивда ўтказилган йиғилишда бу аудио ёзувни ким томонидан ёзиб олинганлигини аниқлаш учун туман раҳбарлари – ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи ҳар бир фермерни сўроққа тутган. Шундан сўнг фермерлардан “аудиони мен тарқатмадим”, деган мазмунда тушунтириш хатлари ёздириб олинган.
Бу фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганини аниқлаб, қонуний чоралар кўриш мақсадида эмас, балки қайси фермер ушбу аудио ёзувни олгани аниқланса, учала раҳбар унга қандайдир чора кўрмоқчилигини билдиради. Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари “Бош прокуратура бу ҳолатни қандай баҳолайди”, деб натижасини кутиб турибди. Шунингдек, “фермерларнинг ҳақоратланиши билан боғлиқ бу вазиятга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қандай муносабат билдиради? дея ҳақли савол қўйишмоқда.
Албатта, тарқатилган ушбу маълумотларни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши атрофлича ўрганди.
Аниқланишича, Бўстон туманида 108 та ғалла ва пахта етиштирувчи фермер хўжалигига 36,5 тонна соя ўсимлигини 500 гектар очиқ майдонга, 300 гектарини эса ғўза қатор орасига экиб, етиштириш тўғрисида оғзаки топшириқ берилган. Демак, туман ҳокимининг сояни экиш бўйича экинларни жойлаштириш тўғрисидаги қарори мавжуд эмас.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганда жавобгарлик белгиланган. Туман ҳокими – ҳокимият вакили ва мансабдор шахс бўлгани учун, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан қарор қабул қилиш прокуратура органларининг ваколатига киради.
Бўстон туман прокурори оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий мақолаларга нисбатан ўз вақтида прокурорлик назорати қўллаш масаласини ҳал этиш ўрнига, идорасига фермерларни чақириб ўтказган суриштирувларининг қонунийлиги устидан хизмат текшируви ўтказиб, касб одобномасига риоя этилишида камчиликларга йўл қўйганлиги аниқланган тақдирда қонуний чоралар кўрилишига амалий ёрдам беришни сўраб Бўстон тумани прокурори номига хат киритилди.
Шунингдек, туман ҳокимининг содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлигига нисбатан қарор чиқариб судга юбориш, экинларни жойлаштиришда йўл қўйган хатоликларини эса кенг муҳокама этиш учун туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Бу борада тизимли ишлар ташкил этилган. Мисол учун, жорий йилда кенгаш судларга киритган 3122 та даво ариза қаноатлантирилиб, 172 234 миллион сўмни ундириш бўйича суд қарорлари қабул қилинди. 154 минг 564 миллион сўм маблағ фермер хўжаликлари фойдасига ундириб берилди. Қарздор ташкилотларга 6760 та талабномалар киритилган, шундан 4042 таси қаноатлантирилиб 116,654 миллион сўм фермер хўжаликлари ҳисобига ундириб берилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқий мазмундаги электрон, оғзаки ёки ариза бериш йўли билан 30 мингдан зиёд мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. Буни албатта оммавий ахборот воситаларида берилаётган эшиттиришларда, айниқса томорқа хўжалигини ривожлантиришдаги ижобий ислоҳотларда, Ҳукумат томонидан уларга берилаётган имтиёзли кредит ҳамда субсидияларда, томорқадаги ишлаган фаолияти иш стажига киритилиши ва бошқа ўзгаришларда кўриш ва ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилдаги №369-сонли қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экилишидан олдин фермер хўжаликларининг тайёрлов, таъминот ва маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар билан тузиладиган контрактация ва бошқа хўжалик шартномаларида Кенгаш ҳуқуқшунослари иштирок этиб, хулоса беради, имзолайди ҳамда келишмовчиликларни бартараф этиб туман қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Кенгаш фермер, деҳқон ва томорқа эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилишга доим тайёр.
Жорий йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурига кўра жорий йилда 10,1 мингта фермер хўжалигида қўшимча фаолият турлари йўлга қўйилди.


З.Алламурадов, 

Фермер хўжаликларини комплекс ривожлантириш ва ердан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўлими бошлиғи

С.Хатамов,

 Ҳуқуқий масалалар ҳамда фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи

http://uza.uz/oz/society/fermerlar11-onun-imoyasida-28-10-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram