Пандемиянинг фермер ва томорқачиларга таъсири қандай бўлди?
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида 2020 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳамда келгусидаги режаларга бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Қайд этиш керакки, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурига кўра, жорий йилда 10 мингдан ортиқ яъни 84 фоиз фермер хўжаликларида қўшимча фаолият турлари йўлга қўйилди. Бунинг учун 1653 миллиард сўм жалб этилган бўлса, фермер хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобидан 1220 миллиард сўм маблағ сарфлади.
Масалан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида 890 та фермер хўжалиги ва кластерларда 41757 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Бунинг учун давлат ҳисобидан 12,6 минг гектар пахта майдонларига 97,9 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Пандемия бўлишига қарамай қишлоқ хўжалиги соҳасида тиним бўлгани йўқ. Хусусан, жорий йил баҳорида 4,5 миллиондан зиёд аҳоли томорқаларида 306,1 минг гектар эртаки экинлар экилди.
Тўқсонбости ва эртаки экинлардан бўшаган 228,7 минг гектар майдонга эса такрорий (ўртаки) экинлар экилди.
Ҳозирда эса тўқсонбости усулда сабзавотлар экиш давом этмоқда. Мисол учун, жорий йилда 162,3 минг гектар, шундан октябрь-декабрь ойларида 105,2 минг гектар ерга тўқсонбости усулида экспортбоп сабзавот экинлари экилади. Август-сентябрда экилган пиёз, саримсоқпиёз ҳамда кузги тўқсонбости экинлардан 2 440 минг тонна маҳсулот етиштириш кутилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида «Томорқа хизмати»ларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш мақсадида кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 50,7 миллиард сўм ажратилган. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини анчагина оширди.
Жумладан, аҳоли томорқаларига 234 тонна уруғликлар, 7,8 млн. дона сабзавот ва мевали дарахт кўчатлари етказиб берилди, 9,5 минг хонадоннинг 142 гектар томорқасига ихчам иссиқхоналар қуриб берилди.
Камбағалликни қисқартириш мақсадида 375 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилди. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экилди ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 7,6 минг гектар майдонга экинлар экилиши таъминланиб, 20 мингга яқин иш ўрни яратилди. Натижада 350 минг тонна қўшимча маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 31,4 млрд сўм ажратилди.
Бундан ташқари, Республика кенгаши судларга киритган 3122 та даво ариза қаноатлантирилиб 172 234 млн. сўмини ундириш бўйича суд қарорлари қабул қилинди. Қарздор ташкилотларга 6760 та талабномалар киритилган, шундан 4042 таси қаноатлантирилган.
Фермер хўжаликларида қўшимча фаолият турлари йўлга қўйилиши натижасида 33,6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
7,1 минг гектар интенсив боғ, 3,4 минг гектар токзорлар ва 380 га майдонларда иссиқхоналар барпо этилди.
Шунингдек, қишлоқларда кичик сиғимли совутгичи мавжуд 820 та дала дўкон ташкил этилди, 11 та «Томорқа хизмати» кластер тизимига ўтказилди.
Албатта, мўл ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири сувнинг етарли бўлиши. Шу боис жорий йилнинг ўтган даврида Республика бўйича 363 та, шундан 14 та катта ҳажмли, 349 та кичик ҳажмли артезиан қудуқлари қазишга эътибор қаратилди.
Натижада 1525 та аҳоли хонадонларига сув чиқарилди. 149,2 гектар томорқа ер майдони сув билан таъминланди.
Раёсат йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар кенгашлари раисларининг ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича ахборотлари тингланди. Уларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 7 миллиард сўмни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга кафиллик асосида тенг улушларда ссуда сифатида ажратиш чоралари кўрилади.
http://uza.uz/oz/society/pandemiyaning-fermer-va-tomor-achilarga-tasiri-anday-b-ldi-22-10-2020