Қишлоқ хўжалигини John Deere компанияси техникалари билан рақамлаштиринг
Бутун дунёда рақамли технологиялар барча соҳалар ва одамлар ҳаётига жадал кириб боряпти. Ўз навбатида жаҳондаги илғор John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги дилери “Landtech” ХК республика фермерлари ва деҳқон хўжаликларига рақамли технологиялар билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.
15 октябрь куни Жиззах вилоятида жойлашган Silverleafe кластерида ўтказилган тадбирда компаниянинг пахта териш учун мўлжалланган CP690 комбайни ва ерга ишлов беришнинг аниқ AMS SYSTEM тизими тақдимоти ўтказилди. Унда турли вазирлик ва идора вакиллари иштирок этишди.
Тадбирнинг долзарблиги шундаки, 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. “Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари рақамлаштиришсиз натижа, ривожланиш бўлмаслигини тушуниб етиши шарт. Барча даражадаги раҳбарлар буни ўзига кундалик вазифа сифатида белгилаб, рақамлаштириш соҳасини алифбосидан бошлаб чуқур ўрганиши керак”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Тадбирнинг ўтказилиши президент ташаббусларининг John Deere томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, компаниянинг ҳалоллик, сифат, садоқат ва новаторлик каби асосий тамойилларига амал қилиб, миллий иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши жараёнларини тезлаштиришда ҳам бевосита иштирок этаётганлигини намоён этади.
John Deere компаниясининг расмий дилери, “Landtech” ХК тижорат директори Ботир Исроиловнинг таъкидлашича, мазкур тақдимотни ўтказишдан асосий мақсад қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни қўллашдан иборат.
“Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни қўллаш иш кучини камайтириб, трактор, комбайнлар ёрдамида пахтани кўпроқ териш, ерга ишлов бериш имкониятини яратади. Сўнгги икки йилда олиб келинган техникаларнинг деярли 80 фоизи John Deere’нинг телематик тизимлари билан жиҳозланган. Мижозларга техниканинг далада қилаётган ишини кузатиб бориш имкониятини беради”, – деди Ботир Исроилов.
John Deere компанияси билан бир неча йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келаётган “Султон” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Ҳожибеков компания техникалари сифати аъло даражада эканини айтиб ўтди.
“Икки йилдан бери John Deere компанияси билан ишлайман. Бизда мазкур компаниянинг пахта териш машинаси бор. Бир кунда 1000 нафар одам терадиган пахтани битта комбайн теради”, – деди Нуриддин Ҳожибеков.
Тақдимот давомида техникаларнинг техник жиҳатлари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Жумладан, комбайнлар AMS ва JD-link тизимлари билан жиҳозланган. Тизим техника қандай ишлаётгани, бир гектарга қанча ёқилғи сарфланаётганини аниқлаш имконини беради.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Жон С.Макгрегорнинг таъкидлашича, пахтанинг рақамлаштирилган техникаларда терилиши халқаро ташкилотлар талабларига тўлиқ жавоб беради.
“Европа, Шарқий Осиё ва Америка Ўзбекистон пахтасининг қандай терилганига алоҳида эътибор қаратади. Бу техникалар эса пахта қаерда ва қандай усулда терилгани тўғрисида, яъни мажбурий меҳнат орқали эмас, балки техника орқали терилгани ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этади. Биз бугун пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаётганига амин бўляпмиз. Бу эса дунёдаги машҳур кийим тикишга ихтисослашган йирик брендларнинг ўзбек пахтасига бўлган ишончини оширади”, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори.
Тадбир доирасида Silverleafe кластери ва John Deere ҳамда “Landtech” ХК ва “Ҳамкормазлизинг” лизинг компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, John Deere компанияси Жиззахнинг “Сўғдиёна” аёллар футбол жамоасининг ҳомийсига айланди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, пахта йиғим-теримида рақамли технология ва махсус техникалардан фойдаланиш ҳосилни сифатли ва тез териб олиш имкониятини берибгина қолмай, балки ўзбек пахтасининг экспорт кўрсаткичлари юқори бўлишига ҳам ҳисса қўшади.