Дала дўконлари барпо этилиб, қудуқлар қазилади
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида видеоконференцалоқа тарзидаги навбатдаги мулоқот ўтказилди.
Жамғарманинг ҳудудий вакиллари, туман кенгаши раислари, «Томорқа хизмати» кластер корхонаси раҳбарлари иштирокида ҳудудларда томорқа хизмати олиб бораётган хизматлар сифати, кластерга айлантириш жараёнлари, совутгичлар ташкил қилиш, кредит ажратиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Айни вақтда «Томорқа хизмати» тизимида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 25 кластер корхоналари қуриш ва бунинг учун маблағлар ажратиш тадбирлари олиб борилмоқда. Шунга ҳамоҳанг тарзда юртимиздаги 21 туманда, 1639 маҳалла кесимида «Бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштириш ва реализация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Улар 2-3 турдаги маҳсулот етиштиришга мослаштирилади.
Танқидий руҳда ўтган видеомулоқотда жойларда 1210 дала дўконини кичик ҳажмли музлаткич омборлар билан бирга ташкил этиш борасидаги вазифаларга ҳам эътибор қаратилди. Бу борада кенгаш ҳузуридаги жамғармадан кредит ажратилиши таҳсинга лойиқ. Бундай савдо дўконлари ҳар бир туманда 10тадан ташкил этилмоқда. Жараённи тезлаштириб, Мустақиллик байрами олдидан аҳолига арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш йўлга қўйилса ўзига хос туҳфа бўлиши алоҳида қайд этилди. Дала дўконлари ташкил этишда Тўрақўрғон тажрибасига таянишга келишиб олинди.
Пандемия туфайли карантин жорий этилганига қарамай фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги масъулиятни бир дақиқа ҳам унутганлари йўқ. Шунингдек, жойларда қудуқ қазиш тадбирларида бош-қош бўлишмоқда. Бунда эса Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлда қабул қилинган «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори дастуриламал бўлмоқда.
Ҳозирда юртимиздаги 104 тумандаги 956 маҳаллани қудуқлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунда юртимиз бўйлаб икки мингдан ортиқ қудуқ қазилади. Унинг ярими йирик қудуқлар бўлиб, ҳар бир қудуқдан 30 хонадон фойдаланади. Қолган қисми эса биттадан хонадонга мўлжалланган. 30 июлдан қазилган қудуқлар учун қарорда кўрсатилган тартибда ва тегишли миқдорда субсидиялар ажратилади.
Видеомулоқотда Қорақалпоғистон Республикасида 311, Жиззахда 600, Хоразмда 471, Бухорода 186, Андижонда 154 йирик ва кичик ҳажмдаги қудуқ қазилиши борасида манзилли рўйхатлар шакллантирилгани маълум қилинди. Албатта, бошқа вилоятларда ҳам бу ишлар давом этмоқда.
Тадбир якунида бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, бунинг учун етарли миқдорда қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида экиш, бу ишларда томорқа эгаларини ҳам қилиш орқали йилига 2-3 марта ҳосил олиш борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳам тингланди.
http://uza.uz/oz/society/dala-d-konlari-barpo-etilib-udu-lar-aziladi-20-08-2020