Тут ипак қурти боқиш – қишлоқда дастлабки даромад манбаи

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида экин ерларидан, айниқса тутзорлар, боғлар ва токзорлардан ҳам самарали фойдаланиш, аҳоли бандлиги таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, коронавирус пандемияси шароитида республика ҳудудларида камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган ва ишсиз аҳолини иш билан банд қилиш мақсадида аҳоли хонадонларида тут ипак қурти боқиш кўпайди.

Ўтган 2019 йилда республика бўйича 19600 тонна қимматбаҳо пилла маҳсулоти олинган бўлса, 2020 йилда мамлакат пиллакорлари катта марраларни кўзлаб иш бошладилар. Жорий йилда давлатга режадаги 21 минг тонна ўрнига камида 50 минг тонна пилла ҳосили олиш мақсадида эрта баҳордан тут кўчатларини дорилаш, суғориш ва бошқа агротехник тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказдилар, тут ипак қурти боқиш айниқса коронавирус пандемияси шароитида сердаромад иш эканлиги аҳолига тушунтирилди ва
“Бир хонадонга – бир қути ипак қурти” тамойили асосида аҳолига
381 минг 825 қути ипак қурти уруғлари тарқатилди.

Бу йил пилла етиштирган аҳоли ҳар бир килограмм пилла учун режани бажарса 21 минг сўмдан, режадан ортиқ ҳар бир килограмм пилла учун эса 25 минг сўмдан хақ олиши белгиланди. Мисол учун бир қути уруғ боқиб режалаштирилган 55 кг пилла берган оилага 1 миллион 155 минг сўм, агар 80 килограмдан олса, яна қўшимча 2 миллион сўм нақд пул олади.

Бундан ташқари, инқирозга курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлардан пилла етиштириш мавсумида тут ипак қурти боқиш мажбуриятини ўз зиммасига олган ва режани бажарган ишсиз, кам таъминланган (эхтиёжманд) оилаларга ҳар бир қути ипак қурти ҳосили учун қўшимча 700 минг сўмдан пул маблағларини тўлаб бериш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат Жамғармаси зиммасига юклатилган ва тўлаб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан
қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4700-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Қарорга мувофиқжорий йилда 381 минг 825 қути ипак қурти уруғини “Бир хонадонга – бир қути ипак қурти” тамойили асосида ипак қурти уруғларини тарқатиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Тут ипак қурти боқиш учун зарур бўлган тўшама қоғоз, термометр, формалин ва бошқа зарур жиҳозлар заҳирасини яратилди ва улар аҳоли хонадонларига ва тадбиркорларга етказиб берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманларидаги фермер хўжаликлари дала майдонларининг четларида 19 699 минг туп тут кўчатлари экилишини ҳамда 1 326 гектар янги тутзорлар барпо қилишни ташкил этиш, мавжуд тутзорларни хатловдан ўтказиш, тут қатор ораларига қишлоқ хўжалик экинларини экиш, керакли бўлган тут кўчатлари заҳирасини яратиш ва экилишини таъминлаш зарур бўлади.

Янги барпо қилинган тутзорларни ва дала майдонлари четларига экилган тут кўчатларини асраш ва уларни пайҳон қилинишини олдини олиш юзасидан доимий мониторинг ўрнатиш, фермерларга уларнинг тўлиқ сақланишини ва муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш;

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекциялари томонидан кўчат сонлари камайган тутзорлар ва якка тут қаторларида кўчатлар қаровсиз қолиб, пайҳон қилинган ҳолларда фермерларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ҳулоса қилиб айтганда, бу йил республика пиллакорлари ҳар қачонгидан ҳам кўп ҳосил олиб республика иқтисодитига ўзларини муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бош мутахассиси,
қ. х. фанлари номзоди Ҳ.Ғиёсов

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram