Қамашилик Қурбон бобо томорқадан йилига 100 млн сўмга яқин фойда оляпти
Чим қишлоғидан ўтган катта йўл четида помидор, бодринг, пиёз, сабзи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб турган кишиларга кўзингиз тушади. Улар ерда ўтириб, қуёш тафтида харидор излашади.
–Йўл четида савдо қилиш жуда қийин, лекин шунга мажбурмиз, тирикчилигимиз шундан, – дейди чимлик Сайёра Худойқулова. – Бу муаммо А.Хаитов раҳбарлигидаги депутатлар гуруҳи эътиборидан четда қолмади. Халқ вакиллари Чим қишлоғи йўл четида замонавий кўринишдаги томорқачилар дўкони ва савдо расталарини қуришни таклиф этди. Бу таклифдан чимлик томорқачилар жуда мамнун бўлишди. Туман ҳокими Шерали Санаев шу ернинг ўзида тегишли ташкилотларга шинам савдо дўкони ва савдо расталарини барпо этишга топшириқ берди.
Таъкидлаш жоизки, Чим қишлоғи азалдан деҳқону соҳибкорлар маскани саналади. Қишлоқ аҳли бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмайди. Бу анъана бардавомлигини таъминлашда 70 ёшни қарши олган Қурбон бобо Чориевнинг хизматини алоҳида эътироф этиш керак. У 25 сотихлик томорқасининг 3 сотихида лимонзор ташкил этган бўлса, яна 3 сотих иссиқхонада помидор етиштирмоқда.
Шу билан бир қаторда 2 сотих майдонда етиштирилган сабзи бозорга чиқаришга тайёр. 1 сотих саримсоқпиёз ҳам пишиб етилган. 0,5 сотих жойда қовун уруғи экилган, 1 сотих ошқовоқ, 100 туп ток ва мевали дарахтлар барқ уриб ривожланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қурбон бобо томорқаси билан танишар экан, тайёр маҳсулотларга бозор топишда кўмаклашди. Сабзини “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари ҳаммасини харид қилишни зиммасига олди. Иссиқхонада алвондек товланаётган помидорларга ҳам мазкур жамият харидор чиқди.
–Хонадонимизга депутатларнинг келиши бозоримни баракасини берди, – дейди Қурбон бобо Чориев. –Сизларга яна бир сирни очай. Мен йўл четидан 15 сотих ер очиб, лимон, сосна, қарағай кўчатлари етиштиряпман. 3 сотихдан зиёд жойдаги картошкага харидор келиб турибди. Сосна кўчатлари ёнига саримсоқпиёз ҳам экиб, тажрибадан ўтказдим.
Қурбон бобо тиниб-тинчимас инсон. Унинг бу саъй-ҳаракатлари эвазига йилига 100 миллион сўмга яқин даромад топмоқда. Мана томорқачиликнинг фойдасию, баракаси.
O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят
Кенгаши матбуот хизмати
http://uzlidep.uz/news-of-party/6506