Биргаликда қудратли кучмиз
Халқимиз жипсликда буюк куч эканини ва ҳар қандай қийинчиликка бирдамликда ечим топиши мумкинлигини кейинги кунларда бир неча бор намоён этди.
Карантинда тартибларга риоя қилиб синовлардан ўтаётган халқимиз табиий офатларни ҳам ана шундай аҳиллик ва меҳр билан енгиб, яна бир бор синовдан ўтди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ана шундай вақтда савобли юмушни ўз бурчи деб билган ҳолда, хайрли тадбирларга қўшилди, дейилади кенгаш хабарида.
Энг биринчи карвон Бухоро вилоятига юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ҳомийлик маблағларини олиб йўлга тушди. У орқали қарийб 200 миллион сўм ва 17,9 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари жойларга етказиб берилди.
1 май куни Сирдарё вилоятида юз берган офат ҳаммани шошириб қўйгани сир эмас. Эл қатори кенгаш ва унинг жойлардаги вакилликлари яна саховатга шайландилар.
Тошқиндан зарар кўрганларни моддий қўллаб-қувватлаш учун сал кам 150 миллион сўм ҳадия этилди. Шунингдек,ун, ёғ, гуруч, шакар, картошка, пиёз ва яна кўплаб мева-сабзавотлар жамланди. Уларнинг умумий суммаси 950 миллион сўмга етди.
Бу борада айниқса, қўшни вилоят яъни Жиззахлик фермерлар жуда фаоллик кўрсатишди. 770 нафар эвакуация қилинган аҳоли фермерлар уйидан паноҳ топди.Етказиб берилган кўрпа-тўшак, кийим-кеча, гигиена воситаларининг умумий баҳоси 100 миллиондан ошиб кетди.
http://uza.uz/oz/society/birgalikda-udratli-kuchmiz-06-05-2020