Ҳамма ваҳима ва миш-мишлар бозордан ташқарида
“Қўрққанга қўша кўринади”. Бу мақол халқимиз томонидан топиб айтилганини бугун баъзи ваҳимачилар томонидан тарқатилаётган хабарлар яққол исботламоқда. Уларнинг айтишича, бозорларда нарх-наво ҳали ҳам осмонда. Оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилаётган хабарлар шунчаки саҳналаштирилган, дейдиганлари ҳам топилаяпти. Аслида-чи?
Тўғри, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани расман эълон қилинди. Натижада бу хабар келтириб чиқарган ваҳима ортидан бирламчи истеъмол товарларига бўлган талаб ошди. Одамлар савдо-сотиқ тўхтатилиши мумкин, нархлар кўтарилиб кетади деган ҳадик билан бозорларга ёпирилди. Бу эса нархларга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Бозорларда ун, картошка ва ўсимлик ёғи каби биринчи маҳсулотларни кўп миқдорда сотиб олиш ҳолатлари кузатилган. Оқибатда, уларнинг харид нархлари кўтарилди.
Аммо тез орада нархлар устидан қатъий назорат ўрнатилди. Буни бозордаги бугунги нарх-навони 5-6 кун олдингисига солиштирсангиз, ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
Масалан, Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” озиқ-овқат, деҳқон бозорининг телеграм каналида кунлик нарх-наво бериб борилади. Унда 13 март куни берилган хабарда картошка 3500 сўмгача, сабзи 1500 сўмгача, шолғом, турп, пиёз 2000 сўмгача, помидор 18 минг сўмгача, бодринг 12 минг сўмгача сотилаётгани айтилган. Хўш, бугун-чи? Ўша 13 март кунги билан солиштирсангиз, бугун ҳам нархларда ҳеч қандай ўзгариш йўқлигига амин бўласиз. Озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдо базаларида картошканинг бозори чаққон. Бу ерда савдогарлар бир кило картошкани 3000-3500 сўмдан сотмоқда. Пиёзнинг бир килоси 2000 сўмдан таклиф қилинмоқда. Картошка ва пиёзнинг нархи қоғозга ёзиб осиб қўйилган. Бозорнинг барча ҳудудларида нарх-навонинг асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотларнинг ишонч телефонлари ҳақида маълумотлар илинган.
–Бозорга тунов куниям тушгандим, – дейди ўзини Қарши шаҳридаги Шоҳбекат маҳалласида ящовчи Мавжуда Эшмуродова деб таништирган аёл. – Бугун катта ўғлим “набираларингиз билан меҳмон бўлиб борамиз”, дегани учун палов тайёрлай деб, яна бозорга келдим. Гуруч, сабзи, гўшт олдим. Ҳаммасининг нархи авваллари қандай бўлса, ўшандай. Бозор тўкин. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ҳамма ўзига керагини олаяпти. Ваҳимачиларнинг ваҳимаси қурсин.
Бозорни кузатсангиз, аксинча баъзи маҳсулотларнинг нархи арзонлашган. Масалан, об-ҳавонинг илиқ келгани помидор-бодрингнинг нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатган. 5 кун олдин 18 минггача сотилган помидор бугун 15 мингдан сотилмоқда. 12 минг сўмлик бодринг эса икки бараварга арзонлашган.
– Баъзи маҳсулотларни халталаб сотиб олаётганларни кўриб, баъзи ваҳимачилар кўнглига яна ғулғула тушиши мумкин, – дейди “Ерқўрғон” озиқ-овқат (деҳқон) бозори” МЧЖ раҳбари Тоштурди Тўраев. – Аммо бу харидорлар йиллар давомида шундай қилишади. Чунки “Ерқўрғон” бозоридан улгуржи савдо қиладиганлар кўпчилик ва улар харид қилган маҳсулотларини дўконга обориб сотишади. Маҳсулотларни керагидан ортиқча сотиб олаётганлар ҳам эҳтиёж туфайли бу харидга қўл урмоқда.
Яна бир гап. “Коронавирусга саримсоқпиёз даво эмиш, шунинг учун унинг нархи икки баравар қимматлабди”, деган миш-мишлар ҳам асоссиз. 13 март куни 30-40 минг сўмга сотилган саримсоқпиёз бугун ҳам арзон бўлса борки, сира қимматлашмаган.
Кўриб турганингиздек, ҳамма миш-миш бозордан ташқарида. Бозорнинг ўзида ваҳима ҳам, ваҳимага асос ҳам йўқ. Харидорларнинг аксари одатдаги каби рўзғор учун бозорлик қилмоқда. Бозорда эса доимгидек тўкинлик.
http://uza.uz/oz/society/amma-va-ima-va-mish-mishlar-bozordan-tash-arida-18-03-2020