Фойдаланилмаётган томорқалар қайтариб олинадими?

Фойдаланилмаётган томорқалар қайтариб олинадими?

Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси аҳоли даромадини оширишга хизмат қилувчи масалалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этди.
Унда таъкидланишича, эндиликда қишлоқларда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида фойдаланилмай турган ерларда 50-100 гектар, камида 10 гектар ерда боғ яратиб, талабгорларга лизинг асосида берилади.
Бу ерлар қаердан ва қандай олинади, дала-ҳовлидаги фойдаланилмаётган томорқалар қайтариб олинадими мазмунида берилган саволга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқин Сатторов жавоб берди.

– Фойдаланилмаётган ерлар деганда ҳудудлардаги сув чиқмайдиган, қишлоқ хўжалигида ишлатилмагани учун ҳокимият захирасига олиб қўйилган майдонлар назарда тутилган, – дейди Т. Сатторов. – Жорий йилдан ана шундай ерларда интенсив боғ ёки иссиқхоналар яратиб, аҳолига лизингга берамиз. Дала ҳовли масаласига келсак, шахсий мулк дахлсиз. Улар орасида иссиқхона қурмоқчи ёки чорва билан шуғулланишни истаганлар бўлса, кредит ажратилади. Боғларни ҳосилга кириши ҳисобга олиниб, 7 йиллик кредитлар уч йиллик имтиёзли давр билан берилади.
Мисол учун, ўтган йили аҳоли хонадонларида 68 мингдан зиёд иссиқхона Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси берган кредитлар ҳисобидан барпо этилди. Хонадонларда қуриб берилаётган иссиқхоналарни қандай ишлатиш, қайси экин турини қачон ва қандай экиш борасида ҳам тушунтиришлар берилмоқда.
Жорий йилда ҳам бир қатор вазифалар белгилаб олинган. Мисол учун, 2020 йилда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг йигирмадан ортиқ туманида ўттиз битта қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади. Ташкил этилаётган кооперативларга кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни танлаб олиш ва бириктириш бўйича аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази рўйхат шакллантирган.
Қайд этиш керакки, шу кунларда Фарғона вилоятида кооперациялар учун 460 гектар ер ажратилган. Уларда Хитой технологияси асосида кам харажат қилиб, кўпроқ фойда кўриладиган иссиқхоналар барпо этилади. Шу тариқа Жанубий Корея, Африка, Япония мамлакатларининг кооперация тизими ўрганилди. Жаҳон тажрибасига кўра йирик мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда кооперациялар ишга тушади.

http://uza.uz/oz/society/foydalanilmayetgan-tomor-alar-aytarib-olinadimi-19-02-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram