Тадбиркор иссиқхонадан 200 тонна ҳосил олишни мўлжалламоқда

Тадбиркор иссиқхонадан 200 тонна ҳосил олишни мўлжалламоқда

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида яшовчи тадбиркор Бекмурод Абдувоитов замонавий иссиқхона барпо этиб, 14 кишининг доимий бандлигини таъминлаган.
– Ўтган йили туманнинг Чоштепа маҳалласи ҳудудида 1,3 гектар ер олиб, гидропоника усулида иссиқхона ташкил этдик, — дейди у. – Бир гектар майдонда маҳсулот етиштириш имконияти яратилган бўлса, 30 сотихида зарур иншоотлар барпо этилган. Лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банкидан 530 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олганмиз. Ўз сармоямиздан ҳам 100 минг АҚШ доллари сарфладик. Келишувга биноан, барча қурилиш ишларини Жанубий Кореялик ҳамкорларимиз амалга ошириб, бизга тайёр иссиқхонани топширишди. Эндиликда экиш ва экинни парваришлаш ишларини тўлиқ ўзимиз амалга оширяпмиз.
Бундан қарийб 3 ой аввал экилган помидор ва бодринг кўчатлари айни вақтга келиб тўлиқ ҳосилга кирган. Тадбиркор уларни пешма-пеш териб, экспорт қилмоқда.
– Икки ҳафтада хорижга 30 тоннага яқин маҳсулот сотдик, — дейди Бекмурод Абдувоитов. – Теримни яқинда бошладик, ҳали ҳосилнинг асосий қисми турибди. Россиялик ҳамкорларимиз билан 200 тонна помидор ва бодринг етказиб бериш бўйича келишувимиз бор. Мавсум давомида иссиқхонадан шунча ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Бу дастлабки йил учун ёмон натижа эмас.

http://uza.uz/oz/society/tadbirkor-issi-khonadan-200-tonna-osil-olishni-m-lzhallamo-d-18-02-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram