«Олтита туманда ер онлайн аукцион орқали ижарага берилади. Жараёнга ҳоким аралашмайди» – Қишлоқ хўжалиги вазири
Ўзбекистон республикасининг 6та туманида ер онлайн аукцион орқали ижарага берилади. Бу жараён ҳокимларнинг аралашувисиз кечади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бугун Тошкентда бошланган «Umid 2.020» халқаро конференцияси вақтида айтиб ўтган.
«Тажриба сифатида олтита туманда қишлоқ хўжалиги ерларини аукцион орқали ижарага беришни жорий этмоқчимиз. Ижара шартномаси шартларини қайтадан кўриб чиқмоқчимиз. Қолаверса, шартнома шунақанги пухта тузиладики, ер ҳокимнинг қарори билан олиб қўйилмайди, бунинг учун суднинг қарори керак бўлади. Лекин ижарага олувчи ҳам шартномада кўрсатилган мажбуриятларини бажариши шарт бўлади, шартнома шартларини лозим даражада бажармаслик ердан фойдаланиш ҳуқуқи бекор бўлишига олиб келиши мумкин.
Ерларни кимларга ажратиш кераклигини ҳам кўриб чиқяпмиз. Бугунги кунда 4 млн гектар ер 76 минг фермерга тегишли, бу масаланиям муҳокама қиляпмиз», дея Жамшид Хўжаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирнинг айтишича, ерни ижарага беришда янги тизим жорий этилиши кутилмоқда. Унга кўра ерни ижарага ва субижарага олиш мумкин бўлади.
«Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг олдида жуда катта саволлар турибди. Ердан самарали фойдаланиш учун нималар қилишимиз керак? Бу соҳада яна бир марта ислоҳот қилсак, одамларнинг давлатга ишончи йўқолмасмикин? Бугунги кунда 100 гектар ердан битта фермер фойдаланаётгани тўғрими-йўқми? Шу каби саволларга жавоб топиш учун ҳам олтита туманда эксперимент қилмоқчимиз.
Бу онлайн тизим, ҳеч қандай ҳокимнинг аралашувисиз ерни ижарага бериш тизими. Ижарага бериладиган ерлар масаласи ҳам муаммо. Ҳокимликларга ер сўраб борсангиз рад жавобини олишингиз аниқ, чунки қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳаммаси эгали, бўш турган ер йўқ. Аукцион қилиш учун ер сўрасак, четдаги, сув бормайдиган ерни кўрсатишади. Ерни аукцион орқали ижарага бериш тизимини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ер бериш тизимини ислоҳ қилиш. Айни пайтда бу ҳақдаги ҳамма гапни очиқлай олмайман, чунки амалга оширилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар муҳокама жараёнида. Ҳали экспертлар билан маслаҳатлашимиз керак», деган Жамшид Хўжаев.
У соҳадаги ислоҳотларни, режаларни малакали кадрларсиз амалга ошириш мушкул эканини, шу жиҳатдан биринчи марта ўтказилаётган «Umid 2.020» халқаро конференцияси Ўзбекистон учун муҳим воқеа ҳисобланишини таъкидлади.
«Чет элда таҳсил олган, айни пайтда ҳам хорижда ишлаб келаётган ўзбекистонлик мутахассислар ватанга қайтиб, янгиланаётган Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдиришмоқда ёки ўзларининг билимлари, таклифлари билан ёрдам беришмоқчи.
Қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш мавзусидаги секцияда ҳам жуда қизиқарли маърузалар, муҳокамалар бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳасини иқтисодиётимизнинг энг асосий тармоғи деб оладиган бўлсак, соҳага мана шундай кадрларни, мутахассисларни жалб қилиш асосий вазифалардан бири деб ўйлайман. Чунки кадрларсиз ўйлаган режаларимизни амалга ошириш жудаям мушкул бўлади», дейди Жамшид Хўжаев.