Ҳайвонларни идентификация қилиш Бутун жаҳон савдо ташкилоти қўйган талаблардан бири
Ҳайвонларни идентификация қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жисмоний ва юридик шахслар қўлидаги чорвани босқичма-босқич идентификация қилинишини ташкил этиш, бу борада ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва ягона электрон ахборот тизимини жорий қилиш, ходимлар малакасини босқичма-босқич ошириш бунда жуда муҳим.
Ўзбекистон Бутун жаҳон савдо ташкилоти (БСТ) га аъзо бўлиши учун мазкур ташкилот қўйган талабларнинг биттаси ҳам айнан мамлакатдаги барча ҳайвонлар халқаро стандартлар ва талаблар асосида тўлиқ идентификация қилиниши, ҳисобга олиниши ва ҳисобдан чиқариб борилиши шарт.
Идентификация қилинган ҳар бир ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади.
“Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини тўғрисида”ги Низомга асосан ”Ветеринария паспорти – ҳайвонга берилган идентификация рақамига мувофиқ расмийлаштирилган, ҳайвон эгасининг исм-шарифи, яшаш манзилини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни эмлаш, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган, ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланадиган ҳужжат ҳисобланади.
Идентификация – биркалаш, тавро босиш (тамғалаш), жетон бериш (жетонлаш) ва чип ўрнатиш (электрон идентификация) орқали ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган индивидуал рақам бериш, шунингдек ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш ва уларга ветеринария паспортини расмийлаштиришдир.
Индивидуал рақам – биркалаш, тавро босиш (тамғалаш), жетон бериш (жетонлаш), ва чип ўрнатиш (электрон идентификация) орқали ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган ҳарфлардан ва саккиз хонали рақамдан иборат код.
Ҳайвонлар – жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб, кўпайтириладиган ҳайвонлар, яъни отлар, туялар, қорамоллар, эшаклар, чўчқалар, ит ва мушуклар.
Ҳайвон эгалари – ҳайвонларни ўз эҳтиёжи ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун боқиш, кўпайтириш ва сақлашни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар.
Ҳайвонларни ҳисобга қўйиш – ҳайвонларни идентификация қилиш ва электрон ахборот тизимига ҳайвон ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, унга берилган идентификация рақами ва идентификация қилинганлиги тўғрисида берилган ҳужжатлар ёки тегишли ёзувлар қайд этилган ветеринария паспорти ҳақидаги ахборотларни киритиш.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2019 йил 27 августда рўйхатдан ўтган Низомга мувофиқ ҳар бир бош от, туя, эшак ва қорамол учун республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизини ёки 4360 сўмни ташкил этади. Бир бош қўй ва эчкилар учун бу тўлов республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 фоизини, ит ва мушуклар учун 1 фоизини ташкил этади.
Ҳайвонларни идентификациялаш ички ва ташқи бозорга чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини қайси ҳайвондан олинганлиги, у идентификацияланганми, ҳисобга олинганми, соғломми, касал бўлмаганми, мажбурий сўйилмаганми, ундан олинган маҳсулотлар истеъмолга яроқлими ва бошқа шунга ўхшаш саволларга зудлик билан жавоб олиш имкони беради.
Ўзбекистон Республикаси фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларидаги ҳар бир ҳайвон идентификацияланиши ва ҳисобга олиниши шарт. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим тадбир ҳисобланади.
Ҳусанжон ҒИЁСОВ,
Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди
ЎзА