2020 йилдан тўртта вилоятда пахтанинг 50 фоизини машинада териш режалаштирилмоқда — Нодир Отажонов

2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси – «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов маълум қилди.

Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизмати

«Бу йилги пахта теримини механизациялашга, пахта териш машиналаридан фойдаланишга фаол киришдик. Пахтани қўлда тергандан кўра машинада териш анча афзал. Қўлда терилган бир кило пахта учун 800-1000 сўм маблағ тўланган бўлса, машинада терилган пахтанинг 1 килоси 600 сўмдан тушди.

Бундан ташқари, қўл теримида пахтани ташиш билан боғлиқ ва бошқа харажатларни ҳисобга олганда механизациялаштиришнинг афзаллигини барча фермерлар амалда кўришди», дея Нодир Отажоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош вазир маслаҳатчиси айни пайтда неча фоиз пахта машинада терилаётгани, қачон пахтани тўлиқ машинада теришга ўтилишига ойдинлик киритди.

«Ҳозирги кунда Сирдарё мисолида айтадиган бўлсак, қарийб 20 фоиз пахта машинада терилмоқда. Республика миқёсида ҳали ҳамма механизациялаш тўлиқ йўлга қўйилгани йўқ. Бу йил Наманган, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида пахта теришда машиналардан фаол фойдаланилди. Бу тизим такомиллашиб боради. Мана 2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш бўйича аниқ вазифалар юклатилган. Бу бўйича ҳозир тизимли иш олиб бориляпти», деган Нодир Отажонов Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Пахта майдони агрофонини шакллантириш ва кластер асосида пахта хом ашёсини машина орқали бир теримда йиғиб олиш учун техник воситаларнинг таянч тўпламини ишлаб чиқиш» лойиҳаси учун 3,3 млрд сўм ажратилгани, лойиҳа доирасида Ўзбекистонда хорижникидан 3,5 баробар арзон пахта териш машиналари тайёрланиши, бунинг учун 11та ташкилот масъул этиб тайинлангани айтилган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Қодир Исмоилов айни пайтда республикада экилган ғўза ҳосилини териб олиш учун жами 1500та пахта териш комбайнлари мавжудлиги, бу умумий пахта майдонларининг жами 3,5-5 фоизида техника кучидан фойдаланган ҳолда пахтани териб олиш имконини бериши, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ 2025 йилга қадар мазкур кўрсатгични 35 фоизга олиб чиқиш режалаштирилганини маълум қилган эди.

https://kun.uz/news/2019/12/04/2020-yildan-tortta-viloyatda-paxtaning-50-foizini-mashinada-terish-rejalashtirilmoqda-nodir-otajonov

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram