ҚОНУН ҲИССИЁТГА БЕРИЛИШНИ ОҚЛАМАЙДИ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фаолиятидаги қонуний асосларни бирёқлама талқин қилишдан мақсад нима?

Кейинги вақтларда юртимизда “блогер”лик фаолияти кенг оммалашди. Гарчи бу фаолият тури қонунчиликда тўлиқ тартибга солинмаган бўлса-да, фуқаролик жамиятининг талабларига мослашувчанлик билан ахборот майдонида янги ва изланувчан йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (матнда Кенгаш деб юритилади) мамлакатимизда блогерлик фаолиятининг ривожланишини қўллаб-қувватлайди ва буни Президентимиз ташаббуси билан ахборот соҳасини либераллаштириш юзасидан олиб бораётган изчил ҳаракатларнинг самараси, деб баҳолайди.

Шу билан бирга, “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг Кенгаш фаолиятининг қонуний асослари тўғрисидаги сўнгги чиқишларини кузатиб, улар юридик атамаларнинг асл маъносини нотўғри ифодалаган ҳолда, шошилинч хулоса ва баёнотлар билан пиар қилишга уринаётганини таъкидлайди.

Кенгаш ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилган бундан аввалги хабарда “Миллий тикланиш“ демократик партияси етакчиси А.Қодиров ва блогер Х.Худойбердиевнинг Кенгаш фаолиятида Конституцияга зид ҳолат, деган ҳаволаларига етарли даражада аниқ ва асосли далиллар билан жавоб берган эди (ҳавола).

Кенгашнинг қонунчилик меъёрларини турлича талқин қилмасликка чақирган хабаридан кейин ОАВ ва интернет тармоғида А.Қодировнинг Кенгаш фаолиятига нисбатан аввалгидек баёнотлари кузатилмаганини қайд этиш жоиз.

Айни пайтда халқни маърифатли бўлмоқликдек савобли ишга даъват этадиган “Миллий тикланиш“ демократик партиясининг бошқа вакиллари ва ўзини “билимдон ҳуқуқшунос“ликка даъвогарман деб ҳисоблаётган блогер ўзларининг саволларига берилган жавобни англамасдан, ҳанузгача мунозара мавзусини охиригача тушуниб етмагани кўриниб қолди.

“Миллий тикланиш“ ДП вакиллари ва блогер Хушнудбекнинг нотўғри ҳуқуқий тушунчаларни зўр бериб тарқатиши электоратни муҳокама мавзусидан чалғитишга қаратилган муваффақиятсиз уринишлардан бири деб ҳисоблаймиз.

Масалан, баҳс жараёнида Конституциянинг фуқаролар касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқини белгилайдиган 34-моддасини ўз фикрларига далил сифатида келтиришган. Лекин мазмунига кўра мазкур модданинг муҳокама мавзусига мутлақо дахли йўқ.

Шу муносабат билан Кенгаш, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосий тамойиллари, қонунчилик ҳужжатлари ва меъёрларига қатъий содиқлигини билдиради. Шунингдек, ўз фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада аниқлаштириш, нафақат “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ёки блогер Хушнудбек, балки Кенгаш фаолиятидан манфаатдор барча фуқаролар учун фойдали, деб билади.

Биринчидан, Фуқаролик кодексининг 77-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фуқаролар – томорқа ер эгаларининг ихтиёрий аъзолигига асосланган, тижорат ташкилотларининг (фермер ва деҳқон хўжаликлари) бирлашмасидир.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддаси ва “Ўзбекистон Республикасидаги жамоат бирлашмалари тўғрисида“ги қонуннинг
1-моддасига асосан касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимлар жамиятлари, аёллар ташкилотлари, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган фуқароларнинг бирлашмалари жамоат бирлашмалари саналади.

Шундай қилиб, Кенгаш ўз ҳуқуқий мақомига кўра, Конституциянинг юқорида келтирилган моддасида кўрсатилган жамоат бирлашмаси шаклига айнан мос келмайди.

Учинчидан, “Миллий тикланиш“ демократик партияси вакиллари ва блогер Хушнудбекнинг Кенгашга мажбурий аъзоликнинг Ўзбекистон Республикаси  “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунига зидлиги борасида  шошма-шошарлик билан “ўйлаб топган” далиллари ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Кенгаш ушбу қонуннинг 3-моддасида нодавлат-нотижорат ташкилотларини тузиш, уларнинг фаолияти махсус қонунлар билан тартибга солиниши назарда тутилганлигига эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайди.

Ушбу меъёр мазкур қонунга нисбатан нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасидаги муайян муносабатларни тартибга солувчи махсус қонунларнинг устуворлигини таъминлайди, бу эса қарама-қаршиликлар мавжуд эмаслигини англатади.

Кенгаш ўз фаолиятига қизиқиш билдириб, расмий веб-сайтига ташриф буюрувчиларга миннатдорлик изҳор этади, шунингдек, сиёсий партиялар ва блогерлар билан келгусида ҳам конструктив мулоқотга тайёрлигини билдиради.

Яна бир гап. Биз юқорида “Миллий тикланиш“ демокрактик партияси ва блогер Хушнудбекнинг электоратни муҳокама мавзусидан чалғитишга уриниши ҳақида эслатиб ўтган эдик. Бунга янада очиқроқ изоҳ берамиз. Тўғри, юртимизда сайловга тайёргарлик  жараёнлари қизғин кечмоқда. Бунда партиялар ўртасида турли тортишувлар бўлиши табиий. Бироқ, унга Кенгаш фаолиятини аралаштиришдан мақсад нима? Ахир Кенгаш бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ, 2017 йилда ташкил этилган-ку! Агарда “Миллий тикланиш“ демократик партияси ва блогер Хушнудбек Худойбердиевни Кенгаш фаолияти шу даражада қизиқтирар экан, мажбурийликка қарши экан, улар нега бу масалани олдинроқ кўтариб чиқмади? Бунинг учун сайловни кутиб ўтириш  шартмиди, деган саволга жавоб тополмаяпмиз.

Яна бир бор таъкидлаймиз: биз турли мавзуларга оид мунозара ва баҳсларга доим тайёрмиз, асосли танқидни тўғри қабул қиламиз.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram