Ҳуқуқшунос Хушнудбек қонунларни яхши билмас экан(ми?)!
OʻzLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг сиёсий партиялар раҳбарлари ҳамда журналистлар учрашувидаги баҳс-мунозараси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Лекин уларнинг аксарияти нотўғри талқин қилингани билан жамоатчиликни чалғитишга хизмат қилаяпти. Шу муносабат билан аслида нима хусусида гап кетаётганига аниқ изоҳ бериш талаб этилади.
Блогер партия етакчисига фермерларни Фермерлар кенгашига, тадбиркорларни Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзо қилиш тўғрисида амалдаги қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиришлар Конституцияга ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга зид эмасми, дея савол берди. Актам Хаитов йўқ деди. Бироқ Хушнудбек бунга кўнмаслиги ва аксини тасдиқлаши оқибатида мантиқсиз тортишув келиб чиқди.
Хўш, аслида бу борада ким ҳақ?
Конституциямизнинг 56-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”. Кўриб турганингиздек, бу ерда таъқиқ ёхуд мажбурийлик-ихтиёрийлик бўйича норма умуман учрамайди.
Энди 59-моддага юзланамиз: “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир”. Лекин бу модданинг на Фермерлар кенгашига, на Савдо-саноат палатасига алоқаси йўқ. Демак, ҳуқуқшунос Хушнудбек қонунларни яхши билмас экан, деган хулоса келиб чиқади!
Блогер тилга олган “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ҳам Актам Хаитов тилга олган фикрларга қарши меъёр ўз аксини топмаган. Мазкур қонуннинг 3-моддасини ўқиймиз: “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу қонун ва БОШҚА ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИдан иборат. Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади…”
Модомики, яна Хаитов ҳақ ва Хушнудбек қонунларни диққат билан ўқимаслиги ойдинлашмоқда. Дарвоқе, у халқаро масалаларни аралаштиргани учун Германия, АҚШ, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг бу борадаги қонунчилигини ҳам кўриб чиқишни тавсия этаман.
Журналистлар шу баҳсга керосин сепган “Миллий тикланиш” ДП етакчисига эътиборни қаратишса тузук бўларди. Чунки Алишер Қодиров ҳам фермер ва тадбиркорларнинг мажбурий аъзолигини Конституцияга зид деб атади. Зотан, у ҳам парламент депутати сифатида қонунларни чуқур ўрганмаган чоғи. Ё OʻzLiDeP нима деса тескари гапиришни касб қилганми?
Омон ЭСОН.
http://uza.uz/oz/politics/u-u-shunos-khushnudbek-onunlarni-yakhshi-bilmas-ekan-mi–18-11-2019