Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши А.Қодировни баёнотлар қабул қилишга масъулият билан ёндошишга чақиради

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши А.Қодировни баёнотлар қабул қилишга масъулият билан ёндошишга чақиради

Маълумки, 2019 йил 16 ноябр куни Ўзбекистондаги сиёсий партиялари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.А.Хаитов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси У.И.Иноятов, «Миллий Тикланиш» партияси Сиёсий Кенгаши раиси А.К.Қодиров, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Н.М.Умаров ва Ўзбекистон Экологик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Б.Б.Алихоновларнинг  иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди. 

Ушбу учрашув давомида журналистлар ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан сиёсий партия раҳбарларига бир қатор саволлар берилди ва тегишли равишда уларга жавоблар берилиб, дебат бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг нуқтаи назарига кўра, айрим сиёсий партияларнинг етакчилари томонидан берилган муайян жавоблар нохолис бўлиб, шошқалоқлик билан реал вазиятни бузиб кўрсатадиган популистик руҳда бўлгани сабабли жамоатчиликни чалғитишга хизмат қилади.

Шундай саволлардан бири Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларида фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга мажбурий аъзолигининг белгиланиши конституциявий меъёрларга зидлиги тўғрисида берилган эди.

Ушбу саволга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси томонидан батафсил, аниқ тушунтириш берилди, бундан ташқари, савол  муаллифининг ушбу меъёрларга “шу ерда ва ҳозир” шарҳ бериши тўғрисидаги талабига савол муаллифи ва бутун жамоатчиликка мазкур қонунчилик меъёрларининг ҳамма томонини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ маълумот берилишини алоҳида таъкидлаб,  маълум қилинди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини белгилаш Ўзбекистон Республикасининг “Конституциявий суд тўғрисида”ги қонунининг 4 моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатига киради.   

Шу билан бир қаторда, “Миллий тикланиш” сиёсий партиясининг етакчиси А.Қодиров юқорида келтирилган меъёрлар Ўзбекистон Республикаси конституциясига зид келиши тўғрисида фикр билдириб, Ўзбекистон Парламенти депутатларини, шу жумладан “Миллий тикланиш” фракцияси депутатларини ҳам “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси меъёрларига зид келувчи қонунни қабул қилишган”ликда айбламоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Миллий тикланиш” сиёсий партияси етакчиси А.Қодиров томонидан етарли даражада далилланмаган, яъни Конституция ва бошқа аниқ меъёрий ҳужжатларига асосланмаган бундай жиддий айбловларнинг олға сурилишидан чуқур ташвишда эканини маълум қилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ушбу масала бўйича ўзининг асосли тушунтиришларини бериш зарур, деб ҳисоблайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 апрелдаги ЎРҚ-533 сонли Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлар тўғрисида” ва “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунларига ўзгартишлар киритилиб, уларда “Фермер ва деҳқон хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир”, деб белгилаб қўйилган.

Айни вақтда ушбу меъёрлар мамлакатимизнинг асосий Қонуни меъёрларига зид эмас. Учрашувда савол муаллифи таъкидлаган меъёр Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамоат бирлашмалари тўғрисидаги XIII бобда келтирилган.

Конституциянинг 56 моддасига кўра “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”.

Ихтиёрий аъзолик масаласи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фақат битта моддасида, аниқроғи 59-моддасида тартибга солинган ва қуйидагича ифодаланган:

“Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир”.

Бироқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, ўзининг ҳуқуқий-ташкилий мақомига кўра профессионал ташкилот (касаба уюшмаси) эмас.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари меъёрларига зид келадиган меъёрлар мавжуд эмас.

Юқоридаги меъёрлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга ҳам зид эмас, чунки ушбу қонуннинг 3-моддасига биноан, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида “Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади”, деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари ўз соҳасида алоҳида қонунлар бўлгани сабабли, мазкур соҳада устуворликка эга ва шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни талабларига зид келмайди. 

Шунга ўхшаш меъёрлар етакчи хорижий мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа бир қатор мамлакатлар қонунчилигида ҳам мавжуд.

Масалан, Россия Федерацияси қонунчилигида қуйидаги фаолият турлари, яъни, аудит, арбитраж бошқаруви, энергетика соҳасидаги тадқиқотлар, баҳолаш фаолияти, актуарийлик фаолияти, молиявий ташкилотлар фаолияти, қурувчилик фаолияти, техник буюртмачилик фаолияти, давлатга тегишли ҳудудларда фаолият кўрсатиш, қурилиш ва лойиҳалаш бўйича минтақавий операторлик билан шуғулланганда нодавлат нотижорат ташкилотига аъзолик мажбурийдир.

Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши А.Қодиров ҳамда сайловолди дебатларининг бошқа иштирокчиларидан қуйидагиларни сўрайди:

депутатларнинг, хусусан, “Миллий тикланиш” ва O‘zLiDeP вакилларининг ҳамда парламентда депутатик корпусига эга бўлган бошқа сиёсий партиялар вакилларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган популистик баёнотларга берилмаслик;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари меъёрларини ўз билганича (эркин) шарҳламасдан, бу борада ваколатли юридик ташкилот ва муассасаларга мурожаат қилиш зарур.

“Миллий тикланиш” сиёсий партияси етакчиси А.Қодиров Ўзбекистон Республикасининг “Фермерлик тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлари меъёрларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг меъёрларига мослигига шубҳа билдирса, бу тўғрида Ўзбекистон Республикасининг “Конституцион суд тўғрисида”ги қонунининг 25-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцион судига мурожаат қилиши мумкинлигини билдирамиз.

http://uzlidep.uz/news-of-party/5369

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram