20 миллион сўмга табиат учун фойда сотиб олса бўладими?

20 миллион сўмга табиат учун фойда сотиб олса бўладими?

Ҳар бир фермер ишлаб чиқараётган истеъмол маҳсулотларига талаб юқори бўлса ундан яхши даромад олишини билади. Мулкдорларни бу борадаги изланишлари ва янгиликка интилишини GEF кичик грантлар дастури кўллаб-қувватлашга доим тайёр.
– GEF айнан атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилишга йўналтирилган харажатларнинг табиатга фойда келтиришга қаратилган қисмини қоплайди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Н.Мирабдуллаев. – Мисол учун, бирор-бир ҳудудда фермер хўжалиги ерга ишлов бериш учун мола, сеялка сотиб олиш учун 20 миллион сўм сарфламоқчи. Бу ускуналарни ерни чуқур шудгорлаш усули билан ишлов бериш учун ишлатмоқчи. Бироқ, ерга ишлов беришнинг экологик жиҳатдан безарар усуллари хам мавжуд. 
Ерни чуқур шудгорламасдан экин экиш улардан бири. Аммо бундай ишлов бериш тури қимматроқ ускуналардан фойдаланишни талаб қилади. Фараз қилайлик, бундай ускунанинг баҳоси 40 миллион сўм бўлсин. Фермерда эса 20 миллион сўм бор. 
Бундай вазиятда оддий ва арзонроқ ускуналар харид қилинади. Агарда бу вақтда етишмаган маблағ грант сифатида берилса, улар табиат учун манфаатли бўлган ҳамда ернинг сифатини сақлаган ҳолда унга ишлов бериш усулидан фойдаланиш учун керакли ускуналарни харид қилади. Бошқача айтганда, GEF 20 миллион сўмга табиат учун фойдани сотиб олади. Демак, фермер ерни шудгорлаш жараёнида бир пайтнинг ўзида ҳам уларга фойдали бўлган, ҳам ернинг унумдорлиги ва сифатини сақлайдиган ускуна олади. Умумий харажатлар 40 миллион бўлса, ундан 20 миллиони фермер, 20 миллионини GEF қоплайди.
Қайд этиш керакки, Глобал экологик жамғарма (GEF)нинг кичик грантлар дастури табиат ва атроф-муҳитга фойда келтирадиган лойиҳаларни амалга ошириш учун грант шаклидаги молиявий кўмак кўрсатади. Бунда тақдим этилган лойиҳанинг фақат 50 фоиз маблағи таъминланади. Биламизки, грант-беғараз бериладиган, қайтариш шарт бўлмаган молиявий ёрдам тури.
Миқдори 50 000 долларга баробар бўлиб, миллий валютада тўланадиган грант олиш учун лойиҳа тақдим этаётган ташкилот амалдаги қонунчиликка асосан нотижорат ва нодавлат ташкилоти мақомига эга бўлиши шарт. Улар жисмоний шахсларга берилмайди. Мисол учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари, юридик мақомга эга бўлган деҳқон хўжаликлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари, фан ва академик тузилмалар грант лойиҳалари билан мурожаат қилишлари мумкин.

http://uza.uz/oz/society/20-million-s-mga-tabiat-uchun-foyda-sotib-olsa-b-ladimi-01-11-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram