Харажат кам, даромад эса юқори – паррандачилик хўжалигига саёҳат
Паррандачилик – даромадли, шу билан бирга анчайин нозик соҳа.
Паррандалар нафақат гўшти, тухуми, балки пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа ҳозирга келиб чорвачиликдаги асосий йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Бунинг сабаби – парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари жуда оддий.
Мутахассислар фикрича, иқтисодий етакчи давлатларда ҳам паррандачиликка катта эътибор қаратилади. Чунки айнан паррандачилик аҳолини гўшт, умуман, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда асосий аҳамият касб этади, шунингдек, аҳолини иш билан банд бўлишига ҳисса қўшади.
Хўш, Ўзбекистонда соҳанинг бугунги ахволи қандай, аҳолининг парранда гўшти ва тухумига бўлган талаби тўла таъминланганми? Куркачилик, беданачилик, какликчилик ва бошқа йўналишлар нега кенг ривож топмаяпти? Нега паррандачилик учун асосий озуқа воситалари ҳамон импорт ҳисобига қондирилмоқда?
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб топиш ва аҳоли орасида қизиқиш юқори бўлган соҳанинг сир-асрорлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «XADRA MARKET» паррандачилик хўжалигида бўлди.
Хўжаликда бугунги кунда тухум йўналишидаги 220 мингдан ортиқ парранда етиштирилмоқда.
Саёҳатимизда бизга «Паррандасаноат» уюшмаси раҳбари Яшин Абдураззоқов ва хўжалик раҳбари Миразим Абзалов ҳамроҳлик қилди ҳамда хўжалик билан танишув чоғида биз томонимиздан берилган саволларга ҳам жавоб қайтарди.
Уюшманинг вазифаси – паррандачиликдаги барча жараёнларда бевосита иштирок этиш
Суҳбат аввалида уюшма раҳбари Яшин Абдураззоқовдан Ўзбекистонда паррандачиликнинг бугунги ҳолати ва уюшма фаолияти ҳақида сўрадик.
– «Паррандасаноат» уюшмаси 2010 йилда ташкил қилинган ва қисқача қилиб айтадиган бўлсак, паррандачиликдаги барча жараёнларда бевосита иштирок этамиз.
Ҳозирда республикада 81 миллион атрофида парранда етиштириладиган бўлса, шундан 35 миллиони саноатлашган шароитда етиштирилади, – дейди Абдураззоқов.
Паррандачилик учун зарур озуқанинг 65 фоизи импорт ҳисобига тўғри келмоқда
Ҳозирда Ўзбекистонда паррандачилик йўналишидаги асосий озуқа маҳсулотлари ҳамон импорт ҳисобига қондирилмоқда. Масалан, парранда озуқаси ҳисобланган соя шроти Аргентина, буғдой эса Қозоғистон ва Россиядан келтирилади. Табиийки, бу маҳсулотлар бизга етиб келгунча тан нархидан кўра, анчагина қимматроққа тушади.
Уюшма раҳбаридан ушбу маҳсулотлар нега ўзимизда етиштирилмаслиги ҳақида сўрадик.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, паррандачилик кластерлари очилаётгани бу муаммога ечим бўлиши кутилмоқда.
– Ҳақиқатдан ҳам, паррандачиликни ташкил қилишда асосий эътибор берилиши керак бўлган жиҳат – бу озуқа захираси ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда паррандачиликни озуқа билан таъминланиш кўрсаткичининг 65 фоизи импорт ҳисобига тўғри келмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бизда паррандачилик йўналишидаги кластерлар ташкил қилинмоқда.
Бу кластерлар учун ажратилган маълум ер майдонларида озуқа учун керакли буғдой, соя, кунгабоқар каби экинлар экилади. Бизнинг ҳисобимиз бўйича бундай кластерлар учун 137 минг га. ер майдони ажратилган ва ушбу майдонлардан олинадиган ҳосил эвазига биз импорт ҳажмини кескин камайтиришни мақсад қиляпмиз.
Паррандачилик хўжалигига уюштирган саёҳатимиз давомида суҳбатдошларимиздан, шунингдек, уй шароитида парранда етиштириш ва ундан фойда олиш сирлари, юқори калорияли озуқа таркиби, парранда етиштиришда эътибор бериш керак бўлган асосий жиҳатлар ҳақида ҳам керакли маълумотларни олдик.
Ўйлаймизки, мазкур суҳбат тадбиркорликнинг паррандачилик тармоғига қизиққан инсонлар учун қизиқарли ва фойдали бўлади.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
https://kun.uz/news/2019/11/01/xarajat-kam-daromad-esa-yuqori-parrandachilik-xojaligiga-sayohat